Сирдарё вилоятида реклама қонунчилигини бузган корхоналарга молиявий жарималар қўлланилди
Рақобат қўмитасининг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ташқи реклама воситасини ноқонуний ўрнатиш, рекламаларни қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш мақсадида жойларда тизимли равишда ўрганиш ва мониторинг тадбирлари ўтказилмоқда.
Жумладан, вилоятда фаолият олиб борувчи бир нечта хўжалик юритувчи субъектлар “SALES MASTER NETWORK” МЧЖ (“Ishonch” бренди остида фаолият юритувчи маиший техника ва мебел дўкони), “BIZNES FINANS MIKROMOLIYA TASHKILOTI” МЧЖ ва “EKO PROPAN” МЧЖлар томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний тарзда, катта ўлчамдаги ташқи реклама воситалари ўрнатилганлик ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 428-сонли қарорига асосан ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали ахборот тизими орқали реклама жойининг паспорти расмийлаштирилиши белгиланган.
Мазкур аниқланган ҳолатлар юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан корхоналарга огоҳлантиришлар берилганига қарамай ташқи реклама воситаси билан боғлиқ камчиликлар бартараф этилмаган.
Юқоридагиларга мувофиқ, Қўмита ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан 3 та ташкилотга (“SALES MASTER NETWORK” МЧЖ, “BIZNES FINANS MIKROMOLIYA TASHKILOTI” МЧЖ ва “EKO PROPAN” МЧЖ) нисбатан белгиланган тартибда ишлар қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари юзасидан молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди.
Шунингдек, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.








