“SCIENCE AND INNOVATION AWARDS – 2025” тақдирлаш тадбири доирасида “Йилнинг энг яхши тадқиқот маркази” номинацияси бўйича Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази муносиб деб топилди.
Ушбу юксак натижа марказ ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлмай туриб эришилгани билан алоҳида аҳамиятлидир.
Ушбу қисқа давр ичида Рақобат қўмитасининг асосий илмий ва таҳлилий бўлинмаси ҳисобланадиган Марказ товар ва молия бозорлари таҳлилларини янги босқичга олиб чиқди ҳамда илмий фундаментал тадқиқотларни амалга оширишни йўлга қўя олди.
Марказ томонидан рақобат муҳити, истеъмолчилар ҳуқуқларини такомиллаштириш борасидаги илғор эконометрик ва инновацион ёндашувлар ва бозордаги ҳолатни моделлаштириш (ARIMA, VAR, OLS, VESM, ARDL моделлари) ва прогнозлаштиришда халқаро тажриба асосида ишлаб чиқилган илмий методологиялар жорий этилди, шунингдек, халқаро илмий ҳамжамият билан ҳамкорлик ва Қўмита малака ошириш дастурлари ва бозор иштирокчилари учун монополияга қарши комплаенс бўйича тренинг дастурларини самарали даражада ташкил этди.
Шунингдек, Марказ томонидан мамлакатимиз иқтисодиётида рақобат ва ишбилармонлик муҳитини баҳолашнинг ўзига хос «барометри» ҳисобланадиган индекслар ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди:
– бизнес фаоллиги;
– ҳудудий рақобатбардошлик;
– рақобатни ривожлантириш.
Бунинг натижаси ўлароқ, ушбу мукофот илмий ҳамжамият томонидан айнан Марказнинг фаол тадқиқот ва таҳлилий фаолиятининг муносиб эътирофидир.
Марказ фаолияти рақобат сиёсати, бозор таҳлили ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида илмий асосланган қарорлар қабул қилинишга хизмат қилиб, миллий ва халқаро илмий-маърифий маконда муносиб ўрин эгаллаб бормоқда.
“SCIENCE AND INNOVATION AWARDS – 2025” тақдирлаш тадбири доирасида “Йилнинг энг яхши тадқиқот маркази” номинацияси бўйича соврин академик Йўлдошев Шукурулло Убайдуллаевич томонидан топширилди.
Ушбу номинация бўйича 80 дан ортиқ илмий тадқиқот институтлари ва марказлари ичида Қўмита ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази ғолибликни қўлга киритди.
Марказ жамоасини ушбу ютуқ билан самимий муборакбод этиб, илм-фан, инновация ва адолатли рақобат тамойилларини ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларига муваффақиятлар тилаймиз!








