Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан савдо тармоқлари вакиллари билан соҳада кузатилаётган камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш юзасидан учрашувлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, бугун Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Қаюмов Асадулла Ўролович ҳамда Франциянинг халқаро Schiever компанияси гуруҳига мансуб “bi1” дўконлар тармоғининг Ўзбекистондаги вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида, мамлакатимизда иқтисодиётда рақобатни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига тенг шароитлар яратиш, бозор муносабатларига тўлақонли ўтишни жадаллаштириш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Шунингдек, ушбу соҳада мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш ҳамда соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, бошқа савдо тармоқлари субъектлари ўз муаммо ва таклифлари билан Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қиламиз.