Савдо, уй-жой, транспорт ва коммунал хизматлар бўйича фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан батафсил ўрганилмоқда.
Мурожаатларни ҳал этиш жараёнида фуқаролар манфаати устувор аҳамият касб этаётгани натижасида кўплаб масалалар ўз ечимини топмоқда. Бу эса қўмита фаолиятининг очиқлиги ва фуқаролар билан мулоқотнинг самарадорлиги ортиб бораётганидан далолат беради.
Жумладан,
Андижон вилояти
Фуқаро В.Т. “MEGA INVEST” МЧЖ қурилиш компанияси билан соз ҳолатда 3 та хонадон сотиб олиш бўйича тўловни амалга ошириб, шартнома тузганини маълум қилган. Бироқ ҳозирги кунда ушбу хонадонлардан иккитаси шартнома шартларига мувофиқ соз ҳолатда топширилмагани сабабли, фуқаро мазкур ҳолат юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, истеъмолчига шартнома асосидаги иккита хонадоннинг соз ҳолатда топширилиши таъминланди.
Фарғона вилояти
Фуқаро А.Н.нинг маълум қилишича, ўзини “UZUM NASIYA” компанияси ходими сифатида таништирган шахс унга 9 млн сўмлик чангютгични 2,4 млн сўмлик чегирма асосида сотиб олиш имкони борлигини айтган. Шу билан бирга, ушбу харид учун қўшимча равишда микротўлқинли печ ва пар дазмоли ҳам тақдим этилишини ваъда қилган. Бироқ, ваъда қилинган товарлар белгиланган муддатда етказиб берилмаганлиги сабабли, фуқаро шартномани бекор қилишни сўраб ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, 2,4 млн сўмга тузилган кредит шартномаси бекор қилиниши таъминланди.
Жиззах вилояти
Фуқаро Ш.Ш. Ш. Рашидов туманида жойлашган “Euroasia Motors” МЧЖ автосалонидан муддатли тўлов асосида 282 млн сўмга харид қилинган “CHEVROLET TRACKER redline” автомашинасининг “кузов” қисмида нуқсонлар аниқланганидан норози бўлиб, ушбу ҳолат юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, автосалон томонидан нуқсонли автомобиль ўрнига фуқарога худди шу нархдаги бошқа янги автомобили алмаштириб берилиши таъминланди.
Наманган вилояти
Фуқаро Ш.Т хонадонида истеъмол қилинган электр энергияси учун Электр таъминоти корхонаси (ЭТК) томонидан 11 млн сўм миқдорида асоссиз қарздорлик ҳисобланган. Фуқаро мазкур масала бўйича ЭТКга мурожаат қилган бўлса-да, мурожаат қониқарли ҳал этилмаганидан норози бўлиб, ҳисобланган қарздорликни қайта ҳисоб-китоб қилишда ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, истеъмолчига ҳисобланган асоссиз қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Қашқадарё вилояти
Фуқаро О.Қ. электр энергияси бўйича 8 млн. сўм асоссиз қарздорлик чиқарилганидан норози бўлиб ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, истеъмолчига ҳисобланган асоссиз қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.







