Республикамизнинг қолган ҳудудларида ҳам Рақобат қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан сифатсиз ҳамда яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда савдодан олиб ташлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Жумладан,
🟠Қашқадарё вилояти мисолида,
Ҳудудий бошқарма томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда вилоятдаги барча деҳқон бозорлари ҳамда аҳоли гавжум жойларида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда. Ушбу ярмаркалар доирасида сотилаётган маҳсулотларнинг сифати, яроқлилик муддати ва сақлаш қоидаларига қатъий риоя этилиши таъминланиб, мазкур масалалар доимий назоратга олинмоқда. Бу эса аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳри ҳамда Китоб туманида жойлашган Марказий деҳқон бозорида назорат тадбир ўтказилиб, ўрганишлар давомида тадбиркорлик субъектларига яроқлилик муддати ўтган ва сифати талабларга жавоб бермайдиган маҳсулотларни савдога чиқармаслик бўйича тушунтириш ва профилактик ишлар амалга оширилди.
🟠Сурхондарё вилояти
Рақобат қўмитасининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни талаблари ижроси юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Ўрганиш жараёнида Сариосиё туманидаги ЯТТга тегишли савдо дўконида маҳсулотлар яроқлилик муддати ўтган ҳолда сотув растасида турганлиги аниқланди.
Натижада, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс”нинг 178-моддаси 7-қисмига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилди ва ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
🟠Тошкент шаҳри
Мирзо Улуғбек туманида яшовчи фуқаро М.Б. бир қатор савдо дўконларидан харид қилинган яроқлилик муддати ўтган маҳсулотлар бўйича мурожаат қилди. Ҳолатлар ўрганилиб, бир неча тадбиркорлик субъектларига нисбатан маъмурий ишлар қўзғатилиб, материаллар суд органларига юборилди.
🟠Хоразм вилояти
Урганч шаҳрида яшовчи фуқаро Ф.Б. савдо дўконидан харид қилинган халва маҳсулотининг яроқлилик муддати ўтгани юзасидан мурожаат қилди. Ўрганишлар натижасида маҳсулот “Юлдошбек Равшонбек” хусусий корхонаси томонидан сотилгани аниқланди.
Қонун талаблари бузилгани сабабли корхона масъул ходимларига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, материаллар суд органларига юборилди.








