Рақобат қўмитасига Республика бўйлаб автомобиллар («CHEVROLET COBALT», «CHERY TIGGO 7 PRO», «DAMAS», «LABO») билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан фуқаролардан мурожаатлар келиб тушган.
Мазкур мурожаатлар қўмита томонидан ўз вақтида ўрганилиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тикланди ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди.
Жумладан,
Қашқадарё вилояти Касби туманида истиқомат қилувчи фуқаро «DRIVER VILLAGE» МЧЖ фаолиятидан норози бўлиб мурожаат қилган. У шартнома асосида «CHEVROLET COBALT» автомашинаси учун 147 916 000 сўм тўловни амалга оширган, лекин етказилган автомобилда ёриқлар ва тешиклар борлиги аниқланган. Фуқарога 147 916 000 сўм тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
Фарғона вилояти Қува туманида фуқаро «FARG‘ONA AVTOTEXXIZMAT-F» МЧЖдан «DAMAS» автомашинаси учун тўлаган 48 500 000 сўмни оилавий шароити туфайли қайтариб олишни истади. Истеъмолчи мазкур ҳолат бўйича тадбиркорлик субъектига бир неча марта мурожаат қилишига қарамасдан, муаммо ижобий ҳал этилмади Ҳудудий бошқарма томонидан ваколат доирасида амалга оширилган ишлар натижасида маблағ истеъмолчи фойдасига тўлиқ ундирилди. Наманган вилояти Чуст туманидаги фуқаро «CHUST-AVTOTEXXIZMAT-N» МЧЖдан олган «DAMAS» автомашинасида носозлик борлигини маълум қилди. Ҳудудий бошқарма мурожаатни ўрганиб чиқиб, автомашинанинг носозлиги бартараф этилди ва фуқаро ҳуқуқлари тикланди. Жиззах вилояти Мирзачўл туманида истиқомат қилувчи фуқаро «ROODELL» МЧЖдан харид қилган «CHERY TIGGO 7 PRO» автомашинасининг узатмалар қутисида носозлик борлигини маълум қилди. «ROODELL SERVICE» МЧЖ томонидан носозлик бартараф этилди.
Навоий вилояти Навбаҳор туманида фуқаро «AVTOSALON NAVOIY AVTOTEXXIZMAT» МЧЖдан харид қилган «COBALT» автомашинасида узатмалар қутисидаги муаммо туфайли автомобиль етказилмай қолаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилди. Мурожаат ҳудудий бошқарма томонидан ўрганиб чиқилиб, янги автомашина етказиб берилиши таъминланди.
Андижон вилояти Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро «ANDIJON AVTO TEX» МЧЖ дан «COBALT» автомашинаси сотиб олиб, носозликлар аниқлангани ҳақида мурожаат қилди. Автомашина таъмирланиб, истеъмолчи ҳуқуқи тикланди.
Бухоро вилояти Фуқаро «VOBKENT AVTOTEXXIZMAT» МЧЖдан сотиб олган «DAMAS» автомашинасининг нуқсонлари бартараф қилинмаганлигидан норози бўлиб мурожаат қилди. Ҳудудий бошқарманинг олиб борилган саъй-ҳаракатлари натижасида мурожаатчига 96 932 000 сўм бўлган “DAMAS” автомашина янгисига алмаштириб берилиши таъминланди.
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида истиқомат қилувчи фуқаро «СУРХОH-АВТО» МЧЖдан «LABO» автомашинаси учун тўловни амалга ошириб, машинани ололмагани ҳақида мурожаат қилди. Автомашина етказиб берилиши таъминланди.
Тошкент вилояти Фуқаро «GRAND AUTO MOTORS» МЧЖдан харид қилган «LABO» автомашинасининг кузовида носозлик аниқланди. МЧЖ томонидан фуқаронинг автомашинаси янгисига алмаштирилиши таъминланди.
Хоразм вилояти «DAMAS-2» автомашинасини харид қилиш учун тўлов қилган фуқаро ўз тўловларини айрим сабабларга кўра қайтариб берилиши юзасидан сотувчига ариза берганлигига қарамасдан, тўлаган пуллари қайтарилмасдан келаётганлигидан норози бўлиб Қўмитага мурожаат қилган. Ҳудудий бошқарма томонидан текширувлар ўтказиб, фуқарога 48 500 000 сўм тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан хизмат кўрсатувчи ташкилотларга “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ қонун бузилишини бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди ҳамда ушбу ташкилотларнинг масъулларига қонунчиликдаги мавжуд тартиб-қоидалар ва унинг натижасида келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар ҳақида тушунтиришлар берилди.