Республика бўйлаб савдо ва коммунал хизматлар бўйича истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда
Рақобат қўмитаси томонидан республиканинг ҳудудлар кесимида фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, таҳлил қилиш ишлари олиб борилиб, истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Жумладан,
Навоий вилояти мисолида
Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Г.А. Навоий шаҳрида фаолият кўрсатаётган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи “Paynet” шохобчаси орқали уй интернетига 132 минг сўм миқдорида тўловни амалга оширади. Аммо ҳисоб рақамдаги хатолик сабабли тўланган маблағ унинг ҳисоб рақамига тушмаганлиги ва ушбу маблағни қайтарилишида амалий ёрдам беришни сўраб ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Мурожаатни ўрганиб чиқиш натижасига кўра, “Paynet” МЧЖга “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари тушунтирилгандан сўнг, фуқарога тўлов хизмат кўрсатувчи томонидан тўлиқлигича қайтариб берилиши таъминланди.
Қашқадарё вилояти мисолида
Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.Г. Қарши шаҳрида жойлашган “ALLONOV” МЧЖдан 1 дона 2 800 000 сўмга авиачипта харид қилган. Аммо айрим сабабларга кўра манзилига бора олмади. Натижада тўланган пулларни қайтариш учун авиакассага мурожаат қилган бўлсада, муаммо ҳал бўлмаганлиги юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Мурожаат бўйича ҳудудий бошқарма томонидан олиб борган ишлар натижасида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасига асосан авиачипта учун амалга оширилган тўлов тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
Қорақалпоғистон Республикаси мисолида
Кегейли туманида истиқомат қилувчи Д.Қ. “MIR SOLAR ENERGY” МЧЖ томонидан ўрнатилган қуёш панели сифатсиз ўрнатилганлигидан норозилигини билдириб, қўмитага мурожаат қилган.
Қўмита томонидан мурожаатда келтирилган масала юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилиши натижасида “MIR SOLAR ENERGY” МЧЖга “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари тушунтирилиб, корхона томонидан фуқаронинг уйига ўрнатилган қуёш панелидаги носозликлар ҳал қилиниши таъминланди ва мурожаати ижобий ҳал қилинди.