Республика бўйлаб савдо ва коммунал хизматлар бўйича истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Жумладан:
Андижон вилояти мисолида
Андижон вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро М.Р Пахтаобод туманида жойлашган “IDEA” дўконидан муддатли тўлов асосида 23 млн сўм миқдоридаги маиший техникалар тўпламини харид қилган, бироқ кейинчалик айрим сабаблар туфайли тузилган шартномани бекор қилиниши юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Мазкур мурожаат ҳудудий бошқарма томонидан ўрганилиб, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга асосан “IDEA” дўкони билан тузилган шартнома бекор қилиниб, мурожаат ижобий ҳал этилди.
Бухоро вилояти мисолида
Фуқаро И.Қ газ таъминоти корхонаси томонидан асоссиз равишда 650 000 сўм қарздорлик ҳисоблаётганлигидан норози бўлиб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарманинг олиб борилган саъй-ҳаракатлари натижасида, Ҳудудгазтаъминот корхонаси томонидан асоссиз ҳисобланган қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Фарғона вилояти мисолида
Қашқадарё вилояти Қамаши туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.Боқиева “Sifat tekstil” номли онлайн савдо дўкони орқали 6 188 000 сўмлик маҳсулот буюртма қилади. Бироқ, у буюртманинг тўлиқ суммасига мос келмайдиган ҳолда 4 719 000 сўмлик товар қабул қилади.
Юборилган маҳсулот миқдоридаги фарқни сезган фуқаро норозилик билдириб, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига мурожаат йўллайди.
Мазкур мурожаат қўмитанинг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиб чиқилиб, М.Боқиевага етишмай қолган маҳсулот қиймати — 1 500 000 сўм пул маблағи “Sifat tekstil” онлайн дўкони томонидан қайтариб берилиши таъминланди.
Жиззах вилояти мисолида
Ш.Рашидов туманида истиқомат қилувчи фуқаро Р.Б. болалар планшетини харид қилиш учун “UZUM NASIYA” электрон платформаси билан тузган шартномасини ойлик тўловлар тўғри келмаганлиги сабабли бекор қилинишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Фуқаро ўз мурожаатида мазкур шартномани бекор қилиш борасида электрон платформа мутахассисларига мурожаат қилгани, аммо улар буни иложи йўқ деб жавоб беришганликларини кўрсатиб ўтган.
Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида ушбу тузилган шартнома бекор қилиниб, мурожаат истеъмолчи фойдасига ижобий ҳал этилди.
Наманган вилояти мисолида
Наманган шаҳарда яшовчи фуқаро М.Анинг хонадонида истеъмол қилинган электр энергияси учун ЭТК томонидан 13 млн сўм қарздорлик ҳисобланганлигидан норози бўлиб, электр таъминотидан ҳисобланган қарздорликни қайта ҳисоб-китоб қилиниши юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Бошқарма томонидан мурожаат ўз вақтида ўрганилиб, ҳисобланган асоссиз 13 млн сўм қарздорлик истеъмолчига қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Навоий вилояти мисолида
Навбаҳор туманида истиқомат қилувчи фуқаро Э.Х. имтиёзли кредит асосида 23,0 млн сўмга уч ғилдиракли юк ташувчи мотоцикл харид қилади.
Бироқ орадан бир ой вақт ўтмасдан мотоциклнинг аккумулятор қисми носоз ҳолга келганлиги юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Мазкур мурожаат ҳудудий бошқарма томонидан ўрганилиб, “SADDAM RIZOQULOV” МЧЖ томонидан фуқаро Э.Х.га тегишли мотоциклнинг умумий қиймати 5,5 млн сўмлик аккумуляторлар тўплами янгисига алмаштириб берилиши таъминланди.
Қашқадарё вилояти мисолида
Деҳқонобод туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.С Ғузор туманида фаолият олиб бораётган «Аслзар» заргарлик буюмлари дўконидан 31 млн сўм эвазига маҳсулот сотиб олган, аммо заргарлик буюми 3 соатдан сўнг ўз сифатини йўқотганлиги, яъни қорайиб кетганлиги маълум бўлди.Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида, қонунга асосан мурожаатчига маҳсулот учун тўлаган маблағи тўлиқ қайтарилди.