Республика бўйлаб савдо, транспорт, уй-жой ва коммунал хизматлари бўйича истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси мисолида
Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи К.Б. Нукус шаҳридаги “IDEA CONCEPT GROUP” МЧЖ маиший техника дўконидан “SMART TV 55” русумли телевизорни 8 млн сўмга бўлиб тўлаш йўли билан харид қилган.
Орадан 1 ой ўтиб телевизор бузилиб қолган, шу сабабли дўконга мурожаат қилган, аммо натижа бўлмаган. Қўмита томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиши натижасида, янги телевизор берилиши таъминланиб, мурожаат ижобий ҳал этилди.
Самарқанд вилояти мисолида
Фуқаро М.Ў уй-жой сотиб олиш учун “ELEGANT NEW DIAMOND CONSTRUCTION” МЧЖ билан шартнома имзолаган ва 43 млн сўм тўлов қилган. Шартнома шартлари бажарилмагани сабабли, компанияга мурожаат қилган, аммо жавоб олмаган. Ҳудудий бошқарма таҳлиллари асосида шартнома бекор қилинди ва тўланган пул фуқарога қайтарилди.
Сирдарё вилояти мисолида
ЯТТ “Зулпонова Тамара” сартарошхона ва умумий овқатланиш шохобчаси учун “Сирдарё сув таъминоти” АЖ томонидан асоссиз қарз ҳисобланганидан норози бўлиб мурожаат қилган. Ҳудудий бошқарма аралашуви натижасида 4,9 млн сўмлик нореал қарз қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Сурхондарё вилояти мисолида
Қумқўрғон туманида яшовчи А.А “Uzum nasiya” иловаси орқали телевизор буюртма қилган, аммо етказиб берилмаган. “Gran Tup” хусусий фирмаси томонидан маҳсулот фуқарога етказиб берилиши таъминланди.
Тошкент шаҳар мисолида
Қашқадарё вилоятидан Р.Ш. “BAHT MURODOVICH” МЧЖ орқали қуёш панеллари харид қилган, лекин у носоз ҳолга келган. Р.Ш. мурожаатларига жавоб ололмаган. Ҳудудий бошқарма томонидан инвертер янгисига алмаштириб берилди.
Тошкент вилояти мисолида
Фуқаро ЙТҲга учраган ва “Kapital Sug’urta” компаниясидан тўловни ололмаган. Ҳудудий бошқарма ҳаракатлари натижасида 9 600 000 сўм тўлов қайтариб берилди.
Хоразм вилояти мисолида
Фуқаро Б.А. “TO‘MARIS NUR” дўконида кофе сотиб олаётганда растадаги нархдан икки баробар қиммат тўлатилган. Ҳудудий бошқарма томонидан қонунбузарлик юзасидан иш қўзғатилиб, кўрсатма берилди.