Республика бўйлаб савдо хизматлари бўйича истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Жумладан,
Андижон вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага фуқаро А.Қ. дан “Imkon” савдо марказидан телевизор олганлиги, 1 ой ўтар-ўтмас телевизор ишламай қолганлиги ҳамда 1 йил кафолат ва сервис хизмати бўлсада, бепул таъмирлаб ёки алмаштириб берилмаганлиги тўғрисида мурожаат келиб тушди.
Мазкур мурожаат Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганилиб, истеъмолчининг розилиги асосида носоз телевизор таъмирлатиб берилиши таъминланиб, мурожаат ижобий ҳал этилди.
Жиззах вилояти мисолида
Ҳудудий бошқарма томонидан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунига риоя этилиши юзасидан электрон махсус ахборот порталидаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда доимий мониторинг ўтказилмоқда.
Мониторинг жараёнида Фориш туман ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси томонидан etender.uzex.uz махсус ахборот портали орқали шина харид қилиш бўйича бошланғич нархи 50,0 млн сўмлик танлов савдоларида “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилганлиги аниқланди.
Ўрганиш натижалари бўйича қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, қонунбузилишларни бартараф қилиш бўйича кўрсатмалар берилди ва тегишли масъулларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Сирдарё вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага фуқаро М.А. “KIA” салонидан K5 русумли автомашинани муддатли тўлов (рассрочка)га олиш учун шартнома тузганлиги, аммо машинани олди ва орқа томонида нуқсони бор эканлиги аниқланган, шу сабабли тўланган маблағни қайтарилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қолдирган.
Мурожаат юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан “Uzum nasiya” (“KIA”) автосалон ходимлари билан тушунтириш ишлари олиб борилди ва натижада фуқаро билан тузуиган шартнома бекор қилиниб, тўланган пуллари қайтариб берилиши таъминланди ва истеъмолчининг бузулган ҳуқуқлари тикланди.
Сурхондарё вилояти мисолида
Ҳудудий бошқарма томонидан фуқаро Ш.Б.нинг «Uzum nasiya» орқали рус тили китобига буюртма берганлиги, лекин рус тили китоби ўрнига араб тили китоби юборилганлиги сабабли, китобни рус тили китобига алмаштириб беришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефони орқали қилинган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Мурожаатни ўрганиш натижасида, фуқаро Ш.Бга сотувчи томонидан рус тили китоби етказиб берилиши таъминланиб, мурожаат ижобий ҳал этилди.
Тошкент шаҳар мисолида
Ҳудудий бошқармага фуқаро Д.Л. томонидан “Grand Pharm Trade” МЧЖга қарашли дорихонадан харид қилинган танометрда ишлаб чиқарувчи томонидан нуқсон аниқланганлиги тўғрисида мурожаати келиб тушган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида, носоз ҳолатдаги танометр янгисига алмаштириб берилди ва мурожаат ижобий ҳал этилди.