Республика бўйлаб истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда
Мурожаатлар ҳудудлар кесимида
Сурхондарё вилояти
Ҳудудий бошқарма “Сурхондарё сув таъминоти” АЖ томонидан истеъмолчиларга етказиб берилаётган ичимлик сувининг сифати юзасидан ўрганиш ўтказди. Унда Ангор туманидаги Таллашқон, Наврўз, Гурзор ва Қорасув МФЙларида яшовчи 390 дан ортиқ аҳоли яшовчи хонадонларга жами 4 000 000 сўмга яқин санитария талабларига жавоб бермайдиган 869 м3. истеъмолга яроқсиз ичимлик суви етказиб берилганлиги аниқланди. Махсус комиссия томонидан “Сурхондарё сув таъминоти” АЖга “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилган деб топилиб, тегишли кўрсатма берилган.
Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан “Жиззах сув таъминоти” АЖнинг Пахтакор туман филиали фаолияти ўрганилганда 2025 йилнинг январь-март ойларида “Пахтакор 2-сув тўплаш ва узатиш” иншоотидан аҳолига 445 м³ истеъмолга яроқсиз ичимлик суви етказиб берилгани аниқланди. Бу ҳолат бўйича Махсус комиссия иш қўзғатиб, 1 958 000 сўм миқдоридаги маблағни 40 нафар истеъмолчининг фойдасига қайта ҳисоблаб чиқиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берди.
Фарғона вилояти коммунал
Ҳудудий бошқармага Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро Ф.А.нинг йўллаган мурожаатида хонадонга электр энергияси учун янги ҳисоблагич ўрнатилган бўлиб, бир кун ўтиб ишламай қолгани, электр таъминоти корхонаси мазкур муаммони бартараф этмаётгани билдирилган.
Ўрганишлар натижасида Қўқон шаҳар электр таъминоти корхонаси томонидан фуқаро хонадонидаги носоз бўлган ҳисоблагич ўрнига янги замонавий электр ҳисоблагич алмаштириб берилиши таъминланди.
Андижон вилояти
Ҳудудий бошқармага Олтинкўл туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Н. томонидан сув спортига ихтисослашган “Янбо” спорт мактаби фаолияти билан боғлиқ эътироз билдирилган мурожаати юзасидан ўрганишлар олиб борилди.
Ўрганишлар натижасида фуқаронинг фарзанди соғлиги ёмонлашгани учун машғулотларда қатнаша олмагани сабабли спорт мактаби ўртасида тузилган шартнома бекор қилиниб, унга тўланган 315 000 сўм миқдоридаги пул маблағи истеъмолчига қайтариб берилиши таъминланди.
Самарқанд вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганишларда “OPTOVIK PREMIUM” МЧЖ томонидан реклама жойининг паспортини расмийлаштирмаган ҳолда биносига ўрнатгани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли таъсир чоралари қўлланилди ҳамда “Реклама тўғрисида”ги қонун бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатма берилди.