Республика бўйлаб истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда
Қашқадарё вилояти мисолида
Фуқаро Х.Н. «Uzum Nasiya» МЧЖ фаолиятидан норози бўлиб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилди.
Фуқаро 10 000 000 сўмлик кондиционер ва музлатгич буюртма қилган бўлиб, товар ўз вақтида етказилмаганига қарамай, шартнома асосида 3 500 000 сўм маблағ картасидан ечиб олинган.
Ўрганиш натижасида истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилгани аниқланиб, мазкур маблағ тўлиқ қайтарилди ва шартнома бекор қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Рақобат қўмитасига Хўжайли тумани фуқароси Г.Т. томонидан “Ray” хотин қизлар салони косметологининг хизматидан норозилик билдирилган мурожаат келиб тушди.
Қўмита томонидан масала ўрганилиб, косметологга қонун талаблари тушунтирилди. Натижада, фуқаронинг пластик картасига 2 600 000 сўм пул маблағи қайтарилиши таъминланди.
Самарқанд вилояти мисолида
Фуқаро М.Насритдинова Ўзбекистон Республикаси Президентига “Ишонч телефони” орқали мурожаат қилиб, “Uzum Nasiya” MЧЖ дўконидан харид қилган маҳсулот учун тўланган 285 000 сўм пулни ўз вақтида қайтаришда муаммо борлигини билдирган.
Ҳудудий бошқарма томонидан ўтказилган текширув натижасида, пул маблағи тўлиқ фуқарога қайтарилди ва мурожаат ижобий ҳал қилинди.
Сирдарё вилояти мисолида
Фуқаро Ғ. Эгамбердиевнинг табиий газ таъминотидан асоссиз қарздорлик ҳисобланганлиги бўйича ҳудудий бошқармага йўллаган мурожаати ўрганилди.
Текширув давомида “Ҳудудгаз Сирдарё” ГТФнинг Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 19-21-моддаларига зид ҳаракатлари аниқланди.
Ҳудудий бошқарма томонидан тегишли чоралар кўрилган бўлиб, 17,8 млн сўм миқдоридаги нореал қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилиниши ва бекор қилиниши бўйича мажбурий кўрсатма берилди.
Сурхондарё вилояти мисолида
Фуқаро М.Х. “UZUM” маркет онлайн дўкони орқали видеопроектор сотиб олган, аммо маҳсулот тезда носоз бўлганлиги сабабли 1 500 000 сўм маблағни қайтариш бўйича ҳуддуий бошқармага мурожаат қилди.
Ўрганиш натижасида Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 19-моддасига мувофиқ, сифатсиз маҳсулот янгисига алмаштирилди ва мурожаат ижобий ҳал қилинди.
Тошкент шаҳар мисолида
Фуқаро Ш.Азамов томонидан Чилонзор туман иссиқлик тарқатиш бўлими томонидан 2019 йилда 6 500 000 сўм асоссиз қарздорлик ҳисобланганлиги ва ушбу қарз 2020 йилгача шакллангани ҳақида ҳудудий бошқармага мурожаат келиб тушди. Фуқаро қарздорлик қайта ҳисобланмаганини ва тегишли ҳужжатларсиз судга ариза топширилганини билдириб, чора кўришни сўради.
Ҳудудий бошқарма томонидан “Veolia Energy Tashkent” МЧЖ ХК билан бирга ўрганиш ишлари олиб борилди. Жавоб хатида қарздорлик асосли экани маълум қилинди. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддаси иккинчи қисми талаблари бузилганлиги сабабли, мазкур компанияга нисбатан тегишли иш қўзғатилди.
Натижада, Ш.Азамовга нисбатан ҳисобланган 6 600 000 сўмдан ортиқ миқдоридаги асоссиз қарздорлик бекор қилинди.
Тошкент вилояти мисолида
Фуқаро 2025 йил февраль ойида электр таъминотидаги кучланиш сабаб ҳисоблагич ва жиҳозлари ёниб кетгани, шунингдек, лаборатория текширувидан ўтказилганига қарамасдан 11 млн сўм асоссиз қарздорлик ҳисоблангани ҳақида ҳудудий бошқармага мурожаат қилди.
Ҳудудий бошқарма ва мутахассислар томонидан ўрганиш натижасида мазкур қарздорлик бекор қилинди ва мурожаат ижобий ҳал этилди.
Хоразм вилояти мисолида
Фуқаро Р.Шарипов маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетишда камчиликлар сабабли, кўрсатилмаган ойлар учун қайта ҳисоб-китоб қилинишини сўраб ҳудудий бошқармага мурожаат қилди.
Ўрганишлар натижасида “Тоза Ҳудуд” ДМга қонуний талаблар тушунтирилди ва фуқарога 150 000 сўм асоссиз тўлов қайтарилди.