Республика бўйлаб акциядорлик жамиятлари фаолиятида истеъмолчиларга етказилаётган зарарлар бўйича келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда
🔘Самарқанд вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага “Uzum Market” MЧЖ томонидан ижарадаги нотурар жой учун асоссиз ҳисобланган 40,2 млн сўмлик электр энергияси тўлови юзасидан мурожаат келиб тушган.
Мурожаат асосида олиб борилган ўрганиш натижасида, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд филиали томонидан қўлланган қарздорлик нореал деб топилиб, қайта ҳисоб-китоб амалга оширилди.
🔘Тошкент вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага келиб тушган мурожаатда фуқаро “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тасарруфидаги “Сўқоқ” ўрмон хўжалигига кириш тўлови белгиланган 18 750 сўмдан асоссиз равишда 50 минг сўмга оширилганидан норозилик билдирган.
Қонунчилик талабларига зид ҳолат бўйича ҳудудий бошқарма томонидан ўрганиш ўтказилиб, махсус комиссия қарорига асосан фуқародан ортиқча олинган 32 минг сўмга яқин бўлган маблағни қайтариш ҳамда бошқа истеъмолчиларга жами 21 млн сўмдан зиёд маблағни қайта ҳисоблаш юзасидан кўрсатма берилди.
🔘Хоразм вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага фуқаро Гуласал Эгамова томонидан табиий газ учун асоссиз 2.1 млн сўмлик қарздорлик ҳисобланаётгани юзасидан мурожаат келиб тушди.
Ўрганишлар давомида ҳолат тасдиқланиб, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Хоразм филиалига қонун талаблари асосида тушунтириш берилди ва қарз миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Бошқарма аралашуви билан истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланди.
🔘Жиззах вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага 2024 йил декабрь ойи ва 2025 йилнинг етти ойи давомида Жиззах вилоятининг турли туман ва шаҳарларидан суюлтирилган углеводород газ етказиб берилмаётгани юзасидан истеъмолчилардан мурожаатлар келиб тушди.
Ўрганиш жараёнида “Ҳудудгаз Жиззах” АЖ филиали томонидан газ белгиланган жадвал ва шартлар асосида етказиб берилмаётгани, шу билан бирга, истеъмолчилар ўз вақтида хабардор қилинмаётгани аниқланди ва натижада, филиалга қонунбузилишларни бартараф этиш ва газни ўз вақтида етказиб бериш юзасидан кўрсатма берилди.
🔘Навоий вилояти мисолида
Ҳудудий бошқарма томонидан биржа савдолари бўйича ўтказилган ўрганишлар жараёнида “Қизилтепа ун заводи” АЖ 2025 йил июнь-июль ойларида буғдой унини биржа орқали сотишда белгиланган жадвалларни ишлаб чиқмагани ва товар хом-ашё биржасининг расмий веб-сайтига жойлаштирмагани аниқланди.
Бу ҳолат Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори ва “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талабларини бузиш сифатида баҳоланиб, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан корхонага нисбатан иш қўзғатилди ва қонунбузилишни бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
🔘Қашқадарё вилояти мисолида
Ҳудудий бошқарма томонидан etender,uzex,uz платформаси орқали ўтказилган давлат харидлари ўрганилди ва «Деҳқонобод калий заводи» АЖ томонидан 240 млн сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган танловда иштирок этган 2 тадбиркорлик субъекти ўзаро аффилланган (ота-бола) эканлиги аниқланди.
Бу ҳолат “Давлат харидлари тўғрисида”ги ҳамда “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларини бузган ҳолда амалга оширилгани сабабли, заводга нисбатан иш қўзғатилиб, қонунбузилишни бартараф этиш бўйича кўрсатма берилди ва масъул шахсга маъмурий жазо чоралари қўлланилди.








