Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси “XXI аср” газетасининг 2024 йил 20 июль куни 25-сонида эълон қилинган “Реклама – фақат пул топиш воситаси…ми? Ёхуд улардаги тил ва тасвир масаласига қачон эътибор қаратамиз?” сарлавҳаси остидаги мақола юзасидани қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддасига мувофиқ, миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш тақиқланади.
Қўмита ўз ваколатлари доирасида оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилган рекламани амалдаги реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан доимий равишда ўрганиш ва таҳлиллар олиб борилмоқда.
Хусусан, рекламаларда давлат ва жамоат манфаатларига, ахлоқ ва маънавиятнинг умумэътироф этилган нормаларига риоя қилиниши бўйича ўрганишлар давомида 1262 та ҳолатда турли камчиликлар аниқланган ҳамда уларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилган.
Ўз навбатида, рекламаларнинг тегишли қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини назорат қилишда жамоатчилик назорати механизмларини кенг қўллаш мақсадида Маънавият ва маърифат маркази ҳамда “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси билан республика ҳудудларидаги ташқи реклама ва ахборот объектларида (конструкцияларида) жойлаштирилган рекламаларнинг миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги юзасидан мутахассис хулосасини олиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Шу асосида, Қўмита томонидан ташқи реклама ва ахборот объектларида (конструкцияларида) жойлаштирилган рекламаларнинг миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги юзасидан Маънавият ва маърифат марказидан 70 та ҳолат бўйича эскперт хулосаси олинган.
Олинган хулосалар асосида 103 та ҳолат бўйича камчиликлар бартараф этилган ҳамда реклама бозори субъектларига 90 дан ортиқ огоҳлантириш хатлари киритилган.
Қўмита томонидан юқоридаги чора-тадбирлар, ўрганиш ва профилактика тадбирлари давом эттирилади.
Бундан ташқари, телеканаллар ҳузурида Бадиий кенгашлар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ушбу Бадиий кенгашларнинг асосий вазифаларидан бири, эфир учун тайёрланган медиа (реклама) маҳсулотларининг реклама ва бошқа қонунчилик талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш ҳамда ушбу роликларни эфирга жойлаштирш учун тавсиялар бериш ҳисобланади.