Реклама қонунчилиги талаблари бузилганлиги учун “UB MUSTERIOIS ASIA” МЧЖга нисбатан молиявий жарима қўлланилди
Рақобат қўмитасининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ҳудудда фаолият юритаётган меҳмонхоналарнинг электрон онлайн бронлаш тизимларида истеъмолчиларга тақдим этилаётган маълумотларнинг тўғри, тушунарли ва асосли эканлиги ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар натижасида айрим меҳмонхоналар томонидан истеъмолчиларни чалғитувчи маълумотлар тақдим этиш ҳолатлари аниқланди. Хусусан, Навоий шаҳрида фаолият юритаётган “UB MUSTERIOIS ASIA” МЧЖга қарашли меҳмонхона тегишли рухсат берувчи ҳужжатлари мавжуд бўлмасада, турли онлайн бронлаш платформалари орқали меҳмонхона хизматларини таклиф қилувчи рекламаларни жойлаштирганлиги маълум бўлди.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Қўмита Махсус комиссияси томонидан “UB MUSTERIOIS ASIA” МЧЖга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги Қонун талабларини бузиш аломатлари асосида иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш натижасига кўра молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.








