#Апелляция_кенгаши
Қўмита Апелляция кенгаши “Оҳангаронцемент” АЖга нисбатан қабул қилинган қарор ва кўрсатмани ўз кучида қолдирди
Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига “SARKOR-ISHONCH-777” МЧЖ ҳамда “EAST” МЧЖ томонидан “Оҳангаронцемент” АЖнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб йўлланган мурожаат келиб тушган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида аниқланишича, 2025 йил ноябрь–декабрь ойларида “Оҳангаронцемент” АЖ билан “SARKOR-ISHONCH-777” МЧЖ ҳамда “EAST” МЧЖ ўртасида тузилган шартномаларга асосан, харидорларга цемент маҳсулотини белгиланган муддатларда етказиб бериш мажбурияти олинган.
Бироқ, ўрганишлар давомида цемент маҳсулотини шартномаларда белгиланган муддатларда юклаб жўнатиш таъминланмаганлиги, шунингдек, биржа савдолари натижалари бўйича шартнома мажбуриятларининг лозим даражада бажарилмаганлиги натижасида “Оҳангаронцемент” АЖ томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси талабларига риоя этилмаганлик ҳолатлари аниқланди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунинг 29-моддасига мувофиқ, биржа савдоларини ўтказиш чоғида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни содир этиш тақиқланган.
Юқоридагиларга асосан, Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилганлиги бўйича “Оҳангаронцемент” АЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.
Шу билан бирга, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Шунингдек, “Оҳангаронцемент” АЖ томонидан ҳудудий бошқарманинг мазкур қарори ва кўрсатмасидан норози бўлиб берилган апелляция шикояти Рақобат қўмитаси Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, кенгашнинг қарорига асосан, ҳудудий бошқарма томонидан “Оҳангаронцемент” АЖга нисбатан қабул қилинган қарор ҳамда кўрсатма ўз кучида қолдирилган.








