Рақобат қўмитаси томонидан рекламаларда давлат тили талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганишлар ўтказилди
Мамлакатимизда давлат тилининг нуфузини ошириш, унинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда давлат тилида ахборот тақдим этиш маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қўмита томонидан мунтазам равишда ташқи ёзувлар, хусусан, пешлавҳалар, реклама ва бошқа эълонлар ҳамда ахборот матнларининг давлат тили қоидаларига мувофиқлиги юзасидан ўрганишлар олиб борилади.
Жумладан, республика ҳудудларида жорий йилнинг ўтган давр мобайнида 16 057 та мониторинглар ўтказилган. Шундан 4 496 та ҳолатда турли камчиликлар аниқланган. Бунда, 2 344 та ҳолатда пешлавҳалар, ташқи ёзув ва бошқа эълонлар матни, 975 та ташқи рекламалар матни бошқа тилларда берилганлиги, 841 та пешлавҳа, ташқи ёзувлар ва бошқа эълонлардаги ҳамда 336 та ташқи реклама воситасидаги реклама ва ахборотлари матнида луғавий маъноси бузилганлиги ва имловий хатолар мавжудлиги аниқланган бўлиб, камчиликларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилган ҳамда уларни давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштирилиши таъминланган.
Рақобат қўмитаси томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида гўзаллик салонлари, автосервислар ҳамда қурилиш материаллари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субектларига рекламани жойлаштиришда давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиш юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.
Шу ўринда, тадбиркорлик субектлари томонидан рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатишда давлат тили ҳамда реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига амал қилишлари лозим.
Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонуни 6-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилади. Реклама мазмунининг таржимаси белгиланган талабларга риоя этилган ҳолда бошқа тилларда ҳам такрорланиши мумкин.
Шунингдек, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатга олинган бошқа белгиларнинг асл шакли ва тилини сақлаш билан боғлиқ талаблар ҳам инобатга олиниши лозим.
Ташқи рекламани жойлаштиришда уларнинг мазмуни, имловий ва услубий жиҳатдан тўғри расмийлаштирилишига, шунингдек, амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлигига эътибор қаратиш зарур.
Рақобат қўмитаси тадбиркорлик субектларини ташқи реклама, пешлавҳа ва ахборот кўрсаткичларини жойлаштиришда давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларга риоя этишга чақиради.
Қўмита томонидан ташқи реклама ва ахборот обектларининг қонунчилик талабларига мувофиқлигини ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Давлат тилига ҳурмат — қонунчиликка ҳурматдир!








