Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси “Хавфларни бошқариш” қўмитасининг 2026 йил III чорагидаги фаолияти тўғрисида
МАЪЛУМОТ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 апрелдаги 279-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида (кейинги ўринларда – Қўмита) хавфларни аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш ва уларни камайтириш бўйича тегишли ишлар амалга оширилди.
Қўмитанинг 2026 йил 22 октябрда ўтказилган “Хавфларни бошқариш” қўмитаси 3-сон йиғилишида III чорак давомида хавфларни камайтириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар режасининг ижроси муҳокама қилинди.
2026 йил январь ойида ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, марказий аппаратнинг 17 та таркибий бошқарма ва бўлимлари фаолиятида жами 43 та хавф аниқланган. Шундан 1 таси “юқори”, 23 таси “ўрта” ва 19 таси “паст” даражада баҳоланган.
Мониторинг натижаларига кўра, Чакана савдо ва электрон тижорат бўлимида ҳудудий бошқармаларда кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ хавфни бартараф этиш бўйича ташкилий чоралар кўрилган. Жумладан, Қўмитанинг 2026 йил 25 июндаги 154-ШТ-сон буйруғига асосан Т. Салимовнинг ишга қабул қилиниши натижасида мазкур хавф бартараф этилганлиги маълум қилинган.
Товар ва рақамли бозорларда рақобат муҳитини ривожлантириш бошқармаси томонидан давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда аниқ мезонлар мавжуд эмаслиги билан боғлиқ хавфни камайтириш юзасидан тегишли ишлар амалга оширилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29-сентабрдаги 520-сон қарорига мувофиқ, мазкур йўналишдаги тадбирлар бажарилганлиги ва хавф бартараф этилганлиги билдирилган.
Шунингдек, иқтисодий концентрация битимлари тузилганда олдиндан розилик олинмаслиги билан боғлиқ хавфни камайтириш мақсадида Солиқ қўмитаси ва Адлия вазирлигининг тегишли маълумотлар базалари Қўмитанинг “FairTech” ягона ахборот тизимига интеграция қилинган. Масъул бошқарма томонидан мазкур хавф бартараф этилганлиги маълум қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПҚ-388-сон қарорига мувофиқ, 2026 йилнинг тўққиз ойи давомида жами 158 та товар ва хизматлар бозори таҳлил қилинган. Жумладан, 23 та бозорда рақобат муҳити ҳолати, 40 та товар ва иш-хизматлар бозорида муқобил таклифлар мавжудлиги ҳамда 95 та маҳсулот бўйича бозорнинг маҳсулот билан тўйинганлиги юзасидан экспресс-таҳлиллар ўтказилган. Тасдиқланган чораклик режа ижроси 100 фоизни ташкил этган. Йил якунига қадар қолган 7 та бозорни тўлиқ таҳлил қилиш режалаштирилган. Ҳисобот даврида мазкур бошқарма фаолияти бўйича янги хавфлар юзага келмаганлиги билдирилган.
Йиғилишда хавфларни камайтириш чора-тадбирларининг амалий натижаларини баҳолаш, бартараф этилган деб ҳисобланган хавфлар бўйича тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда хавфлар реестрини амалдаги ҳолатга мувофиқлаштириб бориш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида Қўмита таркибий бўлинмалари раҳбарларига белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, бартараф этилган деб ҳисобланган хавфлар бўйича тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда ижро тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар чорак якунидан кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмасдан Ички аудит хизматига тақдим этиш вазифаси юклатилди.
Ички аудит хизматига чора-тадбирлар ижросини мунтазам мониторинг қилиш, таркибий бўлинмалардан олинган маълумотларни умумлаштириш ва мониторинг натижалари юзасидан “Хавфларни бошқариш” қўмитасига ахборот киритиб бориш топширилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида Қўмитада хавфларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, аниқланган хавфларни камайтириш ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди. Келгусида хавфлар реестри мунтазам янгилаб борилади, белгиланган чора-тадбирлар ижроси ва самарадорлиги баҳоланади ҳамда хавфларни бошқариш жараёнлари устидан тизимли мониторинг олиб борилади.

