Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқ орқали “YandexGo” иловасидан фойдаланиш вақтида бир марталик такси хизмати учун банк пластик картасидан маблағ такроран ечиб олингани, ариза топширилганига қарамай пул маблағлари қайтарилмаётганлиги…” юзасидан фуқаро томонидан мурожаат қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
Рақобат қўмитаси томонидан олиб борилган ўрганишларда 2026 йил 29 июнь куни соат 19:42 да амалга оширилган 18 500 сўмлик сафар учун банк картасидан маблағнинг такроран ечиб олинганлиги ҳолати ўз тасдиғини топган. Шунингдек, мазкур хизматнинг қўллаб-қувватлаш хизмати томонидан буюртма қиймати миқдоридаги сумма дастлаб музлатиб қўйилгани (блокировка қилингани), сўнгра хизмат кўрсатувчи банк бир хил операция бўйича икки марта хабарнома юбориши натижасида фуқародан 2 марта маблағ ечиб олингани аниқланди.
Ўрганишлар натижасида хизмат кўрсатувчи корхона томонидан йўл қўйилган камчилик бартараф этилиб, 2026 йил 4 август куни ортиқча ечиб олинган 18 500 сўм миқдоридаги пул маблағи фуқаронинг банк картасига тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
Рақобат қўмитаси томонидан рақамли хизматлар ва электрон тижорат соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, ахборот тизимларининг узлуксиз ва аниқ ишлашини таъминлаш бўйича тегишли хизмат кўрсатувчи субъектларга қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.





