Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги ПҚ-3386-сонли қарори билан Монополист корхоналар ҳамда устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ёки устав фондининг (капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар томонидан ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотиладиган юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар, хом ашё ва материалларнинг рўйхати тасдиқланган бўлиб, мазкур рўйхатга минерал ўғитлар маҳсулоти киритилган.
Қўмита томонидан ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларга мувофиқ юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилиши устидан белгиланган тартибда назоратни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритилган товарларига қўлланиладиган нархлар тўғрисидаги маълумотлар доимий мониторинг қилиб борилмоқда.
Ҳусусан, Қўмита томонидан 2022 йилда минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ва реализация қилиш бозорида таҳлил ишлари ўтказилиб, таҳлил натижаларига кўра, “Ўзкимёсаноат” АЖ таъсисчилигидаги “Навоиазот” АЖ, “Фарғонаазот” АЖ ва “Махам-Чирчиқ” АЖлар шахслар гуруҳи сифатида карбамид ва аммиакли селитра реализация қилиш бўйича ҳамда «Аммофос Махам» АЖ аммофос бўйича ва “Деҳқонобод калий заводи” АЖ калий бўйича Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилган.
Шу билан бирга, бугунги кунда, “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхоналар ва бошқалар томонидан (“Олмалиқ КМК” АЖ – фосфорит кукуни, “Навоийазот” АЖ – формалин, карбамид, аммиакли селитра, “Фарғонаазот” АЖ – карбамид ва аммиакли селитра, “Maxam-Chirchiq” АЖ – А маркали карбамид, Аммофос Махам” АЖ – аммофос, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ – калий, “Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals” АЖ – суперфосфат) томонидан реализация қилинадиган минерал ўғит маҳсулотларининг бошланғич нархлари ҳамда тасдиқланган графикларга мувофиқ равишда биржа савдоларига қўйиб борилиши кунлик мониторинг қилиб борилмоқда ва аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича белгиланган тартибда чоралар кўриб борилмоқда.
Жумладан, 2021-2022 йилларда Қўмита томонидан олиб борилган мониторинг натижаларида биржа савдоларида кунлик тасдиқланган графикларнинг бажарилмаслиги оқибатида юзага келган нарх ўсиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан “Деҳқонобод калий заводи” АЖ ва “Аммофос Махам” АЖларга иш қўзғатилиб, манипуляция ҳаракатлари билан олинган 306,8 млн сўм ортиқча даромадлар ундирилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, минерал ўғит маҳсулотларининг бошланғич нархлари ҳамда тадиқланган графикларга мувофиқ равишда биржа савдоларига қўйиб борилиши кунлик мониторинг қилиб борилаётганлиги маълум қилинади.