Ижтимоий тармоқ орқали “Йўл кира нархининг асоссиз ошиши устидан ким назорат қилади?” сарлавҳаси остида фуқаронинг танқидий мурожаати қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазмур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 декабрдаги “Нархлари давлат томонидан тартибга солиниши лозим бўлган товарлар нархларининг (тарифларининг) шаклланиши ҳамда қўлланилишини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 722-сонли қарорига мувофиқ нархларни давлат томонидан тартибга солиш фақат ушбу қарорга 2-иловада келтирилган товарларга (ишлар, хизматларга), табиий монополия шароитларида ишлаб чиқариладиган товарларга (бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматларга) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида нархларини (тарифларини) тартибга солиш назарда тутилган товарларга (хизматларга) нисбатан амалга оширилиши белгиланган бўлиб, амалдаги қонунчилик талабларида Бухоро-Тошкент ва Олот-Тошкент автобуслари йўналишларидаги йўл кира ҳақлари давлат томонидан тартибга солиниши белгиланмаган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур хизматлар нархлари бозор талабидан келиб чиқиб, эркин (шартномавий) нарх белгиланиши мумкин.
Маълумот учун. Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари томонидан йўловчиларни
ва юкларни шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ташиш бўйича лицензиялар бериш, лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уларни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш ишлари амалга оширилади.