Жорий йилнинг 15 май куни соат 08:19да (https://t.me/komporuz) Telegram ижтимоий тармоғи орқали тахрирсиз узатилган “Ассалому алейкум Компроуз канали админлар табибимни узи бемор Нима халкни устидан куляпсиларми Мана бугун 14 май лекин на менга на маххаллага келгани йукку нега бу ерда 8 майда етказиб берилди дияпти Нима кераги бор одамларни алдап Илтимос тегишли мутасадилар назоратга олиб беришиларни сўраймиз” мазмунида қолдирилган пост бўйича Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ўрганилди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига фуқаро Х.Мамадалиевнинг 2025 йил 23 апрель куни мурожаати келиб тушган.
Мурожаатда, фуқаро аввал қолдирган мурожаати бўйича олган жавоб хатида хонадонига суюлтирилган углеводород гази етказиб берилганлиги маълум қилинган, аммо таъминотчи корхона томонидан етказиб берилмаганлиги сабабли эътироз билдириб, ушбу масалада амалий ёрдам сўраган.
Қўмита томонидан суюлтирилган углеводород гази белгиланган муддатда етказиб берилмаганлиги сабабларига аниқлик киритиш, истеъмолчи ҳуқуқларининг бузилиши сабабларини таҳлил қилиш ва бартараф этиш чораларини кўриш юзасидан “Ҳудудгазтаъминот” АЖга 2025 йил
25 апрелдаги сўров хати юборилди.
Мазкур сўров хати бўйича “Ҳудудгазтаъминот” АЖ 2025 йил 1 майдаги жавоб хатида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан фуқаронинг иштирокида атрофлича ўрганиб чиқилиб, Андижон тумани, “Наврўз” МФЙга режа-график асосида навбати билан суюлтирилган углеводород гази етказиб берилиши тўғрисида тушунтирилганлиги ҳамда фуқаро хонадонига 1 дона суюлтирилган углеводород газ балони етказиб берилганлиги ва натижаси юзасидан далолатнома расмийлаштирилганлиги маълум қилинган.
Бироқ, мазкур фуқаро томонидан (https://t.me/komporuz) Telegram ижтимоий тармоғи орқали “Мана бугун 14 май, лекин на менга, на маҳаллага суюлтирилган газ келгани йўқ…” мавзусида эътироз билдирилган.
Ушбу пост юзасидан амалга оширилган ишлар:
Мазкур эътирозга асосан зудлик билан Қўмитанинг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганиш олиб борилди. Ўрганиш натижасида, “Наврўз” МФЙ Меҳнат кўчаси, 97-уй эгаси – фуқаро М.М. (мурожаатчи) эканлиги ва жорий йилнинг 8 май куни газ таъминоти корхонаси томонидан ҳақиқатда суюлтирилган газ балони етказиб берилганлиги маълум бўлди. Ижтимоий тармоқ орқали эътирозини билдирган фуқаро эса унинг укаси бўлиб чиқди ва у билан суҳбат ўтказилди.
Суҳбат жараёнида фуқаро хонадонида яшовчилар сони кўплиги сабабли ҳозирги кунда 1 дона суюлтирилган углеводород газ балони етмаётганлиги, мазкур хонадон эгаси унинг акаси эканлиги, ушбу уйда акаси ва ўзининг оиласи истиқомат қилиши, хонадоннинг кадастр ҳужжатига асосан ҳозирги кунда жамият томонидан битта истеъмолчи учун, яъни битта оила учун 1 дона газ балони етказиб берилаётганлигини маълум қилган.
Ўз навбатида, мутахассислар томонидан унга алоҳида кадастр ҳужжатини расмийлаштириб, оиласи учун яна 1 дона суюлтирилган углеводород газ балони олиш бўйича Ягона интерактив давлат хизматлари порталига мурожаат қилиши мақсадга мувофиқлиги тушунтирилди.
Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 августдаги 646-сонли қарори билан тасдиқланган “Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тартиби тўғрисида”ги Низомининг 4-бандида газ таъминоти ташкилотлари истеъмолчилар билан биргаликда битта истеъмолчи учун камида бир ойда битта маиший газ баллони (20 кг) етказиб беришнинг прогнозлаштириладиган ҳажмини аниқлаши қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сонли Фармони билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 20-бандида суюлтирилган газдан фойдаланишда пластик карта орқали назорат тизимини ID карта ва махсус ёрлиқлар орқали амалга ошириш белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси, жорий йилнинг
15 май куни соат 08:19да (https://t.me/komporuz) Telegram ижтимоий тармоғи орқали таҳрирсиз узатилган “Ассалому алейкум Компроуз канали админлар табибимни узи бемор Нима халкни устидан куляпсиларми Мана бугун
14 май лекин на менга на маххаллага келгани йукку нега бу ерда 8 майда етказиб берилди дияпти...” мазмунида қолдирган пости асослантирилмаган ҳолда тарқатилган деб ҳисоблайди ва келгусида шу каби ҳолатлар қайтарилмаслигини сўрайди.