Ижтимоий тармоқлар орқали ““Basri Baba” ресторанининг таомномасида давлат тилида маълумотлар йўқлиги, ушбу ҳолат бўйича тегишли чоралар кўриш тўғрисида” фуқаронинг мурожаати қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита мурожаатда қайд этилган ҳолатларни “Basri Baba” ресторанининг масъулларини жалб қилган ҳолда ўрганиб чиқди. Хусусан, рестораннинг таомномаларини давлат тилига мувофиқлаштириш бўйича жамият томонидан бошланган ишлар бугунги кунда тугатилиши арафасида эканлиги маълум бўлди. Эндиликда мазкур ресторан таомномасида давлат тилида маълумотлар берилиши йўлга қўйилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, товар (иш, хизмат) тўғрисидаги маълумот истеъмолчига давлат тилида тақдим этилади. Мазкур маълумот қўшимча равишда бошқа тилларда ҳам тақдим этилиши мумкин.