Рақобат қўмитаси томонидан ижтимоий тармоқларда АТ “Алоқабанк” буюртмачилигида “Алоқабанк маҳсулотлари ва Зоомрад мобил тўлов тизимининг онлайн хизмат турларини йил давомида рекламасини кўрсатиб бориш хизмати” бўйича ўтказилган бошлангич нархи 8,0 млрд. сўмлик танловда ғолиб учун ҳужжатларни тақдим этиш муддати узайтирилган бўлиши мумкинлиги қайд қилинган ҳолатлар бўйича ваколат доирасида ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Ўрганиш давомида АТ “Алоқабанк” томонидан тақдим қилинган маълумотга асосан танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълон 2025 йил 17 март куни махсус электрон ахборот тизимига жойлаштирилганлиги, эълон бўйича таклиф ҳужжатларни тақдим этишнинг охирги муддати 2025 йил 25 март қилиб белгиланганлиги, бироқ, ушбу муддатда савдо ўтказилиши учун зарур шартлардан бири бўлган камида иккита талабгорлар томонидан тақлиф ҳужжатлари тақдим қилинмаганлиги сабабли эълон бўйича таклиф ҳужжатларни тақдим этишнинг охирги муддати 2025 йил 1 апрелгача узайтирилганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, электрон тарзда расмийлаштирилган танлов баённомасига асосан танловда иштирок этган талабгорларнинг таклиф ҳужжатлари буюртмачи томонидан эълон бўйича таклиф ҳужжатларни тақдим этишнинг охирги муддати 2025 йил 1 апрелгача узайтирилганидан кейин, жумладан “Media Loyihalar” МЧЖ 2025 йил 31 март куни, “Webmedia Information” МЧЖ ва “Gray Matter” МЧЖлар эса, 2025 йил 1 апрель куни махсус ахборот тизимига юкланганлиги маълум бўлди.
Шу билан бирга, махсус электрон ахборот тизими орқали олинган маълумотларга асосан 2025 йил 15 апрелда ўтказилган танловда 3 та талабгорлар, яъни, “Media Loyihalar” МЧЖ, “Webmedia Information” МЧЖ ва “Gray Matter” МЧЖлар иштирок этганлиги, барча талабгорлар томонидан белгиланган баҳолаш мезонларига мувофиқ маълумот ва ҳужжатлар тақдим этилганлиги ҳамда “Gray Matter” МЧЖ энг кам нарх таклиф билдирганлиги ҳисобига ғолиб деб топилганлиги маълум бўлди.