Рақобат қўмитаси томонидан “Sariq Bola Pizza” умумий овқатланиш шохобчасида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ва озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилик талабларига амал қилиниши бўйича ўрганиш ишлари ўтказилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг “Озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилик муддати, уларни сақлаш ва ташишга қўйиладиган гигиеник талаблари” қоидалари мавжуд бўлиб, 7-бандига мувофиқ, озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилик муддатини белгилашда ишлатилган таркибий қисмларининг яроқлилик муддати ва сақлаш шароитларини ҳисобга олиш керак. Кўп таркибли озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ундаги якуний таркибий қисмнинг яроқлилик муддатига мос келиши кераклиги белгилаб берилган.
1-иловасига мувофиқ, тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилик муддати ва сақлаш ҳароратлари белгиланган.
Ўрганиш натижасида, “Golden Foundation” МЧЖ томонидан 2024 йил 20 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига талабнома киритилган ва ҳозирги кунда маҳсулотларнинг сифат даражаси ўрганиб чиқилмоқда.
Шунингдек, мазкур жамият томонидан ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларнинг сақлаш шароитлари, озиқлик қиймати, мўлжалланганлигини ўрганиб чиқиш мақсадида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати марказига ўрганиш учун талабнома киритилган ва бугунги кунда маҳсулотларнинг сақлаш шароитлари ўрганиб чиқилмоқда.