Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тизимида жорий йилнинг 20 декабргача “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилинди.
Мазкур тадбир “9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан, шунингдек мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида белгиланган устувор вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида ташкил этилмоқда.
Ойликнинг асосий мақсади – коррупциянинг ҳар қандай кўринишини олдини олиш, ташкилот фаолиятида тўлиқ шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, ходимларда коррупцияга нисбатан қатъий, муросасиз муносабатни шакллантириш, шунингдек Қўмита тизимида ҳалоллик, поклик, адолат ва қонунийлик тамойилларининг изчил қарор топиши ҳамда уларнинг амалиётда кенг қўлланишини таъминлаш.
Шунингдек ушбу ойлик доирасида қуйидагилар амалга оширилади:
🔘Марказий аппарат ва ҳудудий бошқармаларда кенг қамровли профилактик чора-тадбирлар;
🔘Коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқув-семинарлар, очиқ мулоқотлар;
🔘Соҳа экспертлари, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирокида “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари;
🔘Коррупцияга қарши ички тартиб-интизомни кучайтириш;
🔘Аҳоли ва ходимлар ўртасида коррупцияга қарши маданиятни оширишга қаратилган ахборот-тарғибот ишлари.
Юқоридаги ойлик доирасида амалга оширилган фаолият ва янгиликлар Қўмитанинг расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва ОАВлари орқали мунтазам ёритиб борилади.








