Жорий йилнинг 7-9 октябрь кунлари Қўмита раиси ўринбосари Ф. Карабаев Брюссель шаҳрида (Бельгия) Европа Комиссиясининг Рақобат бўйича Бош директоратига ташрифни амалга оширди ҳамда монополияга қарши курашишни тартибга солиш ва рақамли платформаларни назорат қилиш бўйича Бош директор ўринбосари Линси Маккаллум хоним ва Рақобат сиёсати ва стратегия бошқармаси бошлиғи Инге Бернаертс хоним билан амалий учрашув ўтказди.
Учрашувда Рақобат қўмитасининг Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистонда рақобатни янада ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва барча бозор иштирокчиларга тенг шароитлар яратиш, илғор халқаро амалиётларга тўлиқ уйғунлаштирилган рақобат сиёсатининг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширган таркибий ислоҳотлар ҳамда эришган натижалари ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари, Қўмита вакили Европа Иттифоқининг рақобат қонунчилиги ва сиёсати амалиётлари мавзусига бағишланган халқаро семинарда иштирок этди, College of Europe университетининг Глобал рақобат бўйича ҳуқуқ маркази президенти, доктор Бернд Мейринг, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича (EuroUz) ассоциациясининг Интеллектуал мулк ва рақобат масалалари қўмитаси аъзолари билан ҳам учрашувлар ўтказди.
Иккала томон ўртасида рақамли платформаларни монополияга қарши тартибга солиш бўйича ўзаро маслаҳатлашув механизмини ишга тушириш, Халқаро Рақобат Тармоғи доирасида Қўмита иштирокини фаоллаштириш ва унинг ходимлари учун мазкур Бош Директоратда 3 ойлик амалиётни ташкил этиш, шунингдек, дастурларида рақобат сиёсати ва ҳуқуқи йўналишлари мавжуд бўлган Ўзбекистондаги олий ўқув муассасаларида талабалар учун махсус академик тренинглар ўтказиш режалаштирилди.
Учрашув натижаларига кўра, Ассоциация ва Қўмита ўртасида Англашув Меморандуми имзоланди. Ушбу Меморандумга мувофиқ Ассоциация Қўмитага Европа комиссияси билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга кўмак беради, Европа Иттифоқининг тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистонда ўз фаолиятларини амалга оширишидаги барьерларни бартараф этишга ҳамда уларни Ўзбекистонга инвестиция оқимини оширишга кўмаклашиш бўйича доимий маслаҳат механизми жорий этилади.