Рақобат қўмитаси томонидан бозорда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва ҳимоя қилиш, шунингдек, юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни биржа савдолари орқали ўрнатилган тартибда реализация қилиниши устидан тизимли назорат амалга ошириб келинмоқда.
2025 йилнинг биринчи чорагида Қўмита ва унинг ҳудудий органлари томонидан ўтказилган мониторинг ва таҳлиллар натижасида биржа савдоларига оид қонунчилик талаблари 43 та ҳолатда бузилганлиги аниқланиб, 32 та хўжалик юритувчи субъектга нисбатан иш қўзғатилган.
Бунда, 19 та ҳолатда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нархларни сунъий ошириш билан боғлиқ мушкул ҳаракатлари содир этилган бўлиб, натижада 2,8 миллиард сўм миқдорида асоссиз даромад олинган. Қўмита ушбу маблағларни ундириш бўйича тегишли чораларни кўриб, 13 та субъектга қонунбузарликларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, 2025 йилнинг 1-чорагида «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 42-моддаси асосида 15та субъектга нисбатан молиявий жарималар қўлланилди.
Маълумот учун: 2024 йил давомида 165 та ҳолат қайд этилган бўлиб, 55 та хўжалик юритувчи субъектга нисбатан иш қўзғатилган ва 77,7 миллиард сўм асоссиз олинган маблағларни қайтариш тўғрисида кўрсатмалар берилган эди.
Рақобат қўмитаси товар-хом ашё биржалари ва истеъмол бозорларида ижтимоий аҳамиятга эга ва юқори ликвидли маҳсулотлар нархларини назорат қилиш борасидаги ишларни давом эттиради.