Рақобат қўмитаси томонидан сифатсиз ҳамда яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни савдодан олиб ташлаш, истеъмол бозорларида савдо қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ишлар давом эттирилмоқда.
Жумладан,
🟠Бухоро вилояти мисолида,
Рақобат қўмитаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан жорий йил давомида ҳудуддаги савдо дўконларида истеъмол товарлари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги амалдаги меъёрий талабларга мувофиқлиги юзасидан ўрганишлар олиб борилди.
Жумладан, жорий йилда 21 турдаги товар номенклатураси бўйича 57 турдаги савдо номидаги маҳсулотлар экспертиза (лаборатория)дан ўтказилди. Экспертиза хулосаларига кўра, 3 турдаги “Ош тузи”, 2 турдаги “Арматура” ҳамда 3 турдаги “Ун” маҳсулотлари стандарт талабларига жавоб бермаслиги аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилиб, савдодан олиб ташланди, жойларда “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ белгиланган тартибда чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
🟠Фарғона вилояти мисолида,
Рақобат қўмитасининг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан, Фарғона вилоятидаги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жорий йилнинг 26 декабрь куни Фарғона шаҳар Марказий деҳқон бозорида ташкил этилган арзонлаштирилган янги йил байрами ярмаркасида назорат тадбирлари амалга оширилди.
Назорат тадбирлари давомида ярмаркада сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, хусусан уларнинг яроқлилик муддатлари ҳамда белгиланган талабларга мувофиқлиги ўрганилди.
Ўрганишлар натижасида яроқлилик муддатлари кўрсатилмаган озиқ-овқат маҳсулотларини савдодан четлаштириш чоралари кўрилиб, сотувчиларга амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш бўйича тегишли тушунтиришлар берилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, бундай назорат тадбирлари аҳолига сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларини тақдим этиш, шунингдек истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида мунтазам равишда давом эттирилмоқда.
🟠Тошкент вилояти мисолида,
Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан, Олмалиқ шаҳар деҳқон бозорида тегишли ташкилот ходимлари билан ҳамкорликда жорий йилнинг 26 декабрь куни Олмалиқ шаҳар Ойдин деҳқон бозорида ташкил этилган арзонлаштирилган янги йил байрами ярмаркасида назорат тадбирлари амалга оширилди.
Ўрганишлар натижасида, ишлаб чиқариш саналари кўрсатилмаган «Зиёфат», «Асл омад», «Караван» савдо белгиси остидаги колбаса маҳсулотлари сотилаётганлиги аниқланиб, уларни савдодан четлаштириш чоралари кўрилди ва тегишли чоралар кўриш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Маълумот учун: “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ёки муддати ўтган маҳсулотларни савдога чиқариш тақиқланади.
Рақобат қўмитаси томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бозорларда ҳалол рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда байрам олдидан озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.








