Рақобат қўмитасига суғурта компаниялари ҳамда савдо хизматларидан норозилик билдирган мурожаатлари ўрганилиши натижасида фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатлари ҳимоя қилинмоқда
Мурожаатлар ечими ҳудудлар кесимида
Тошкент шаҳар
Ҳудудий бошқармага Сергели туманида яшовчи фуқаро Ғ.С.нинг келиб тушган мурожаат юзасидан ўрганиш ўтказилди. Маълум бўлишича, фуқаро йўл-транспорт ҳодисасига учрагани, бироқ суғурта компанияси томонидан етказилган зарар қоплаб берилмагани билдирилиб, ушбу ҳолат бўйича амалий ёрдам сўраган.
Ўрганишлар натижасида “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талабларига асосан “Apex Insurance” АЖ томонидан ЙТҲда етказилган зарар тўлиқ қоплаб берилиши таъминланди.
Жиззах вилоят
Ҳудудий бошқармага Зарбдор туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ҳ.Ҳ. “My insurance” АЖ суғурта компанияси фаолиятидан (ҳаракатидан) норози бўлиб мурожаат қилди.
Мурожаатда фуқаро “Агробанк” АТБ Зарбдор филиалидан олган банк кредитини “My insurance” АЖ суғурта компанияси орқали суғурта қилдиргани, мазкур кредит маблағини муддатидан олдин ёпган бўлса-да, компания фуқаронинг фойдаланилмаган кунлари учун суғурта мукофотини тўламаётганидан шикоят қилган.
Ўрганиш натижасида “My insurance” АЖ суғурта компанияси томонидан 1 млн 775 минг сўмдан ортиқ миқдордаги фойдаланилмаган суғурта мукофоти фуқаронинг банк пластик картасига тўлаб берилиши таъминланди.
Бухоро вилояти
Ҳудудий бошқарма фуқаро Т.Ҳ. томонидан келиб тушган мурожаатни ўрганиб чиққанида “Isuzu” русумли автомашинаси йўл-транспорт ҳодисасига учрагани, “Халқ суғурта” АЖга бир неча маротаба мурожаат қилишига қарамасдан суғурта товони тўланмаганлиги сабабли ушбу масалада амалий ёрдам сўралган.
Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида, “Халқ суғурта” АЖ томонидан етказилган 58 млн 84 минг сўмга яқин миқдордаги зарар автомашина эгасига тўлаб берилиши таъминланди.
Фарғона вилояти
Ҳудудий бошқармага Қўштепа туманида яшовчи И.З. “Palma kredit” дўконидан бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган телефонининг IMEI коди расмий рўйхатдан ўтказилмагани ва бу муаммо сотувчи томонидан ҳал бўлмагани учун мурожаатини қолдирган.
Олиб борилган ўрганишлар натижасида савдо дўкони томонидан IMEI код расмийлаштирилиб, фуқаронинг муаммоси ҳал этилиши таъминланди.