Рақобат қўмитасига онлайн савдо платформалари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятига оид истеъмолчилардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Ушбу мурожаатлар белгиланган тартибда ўрганилиб, ҳар бир ҳолат бўйича қонунчилик талаблари асосида тегишли чоралар кўрилмоқда.
Мурожаатлар ечими ҳудудлар кесимида:
🟠Андижон вилояти
Ҳудудий бошқармага Улуғнор туманида истиқомат қилувчи фуқаро Б.А.томонидан келиб тушган мурожаатда, “ALIF” электрон платформа орқали 84 доналик идишлар тўплами учун муддатли тўлов асосида онлайн шартнома тузилгани бироқ, буюртма ўрнига “дрелъ” (электрон парма) етиб келгани билдирилган.
Ўрганишлар натижасида истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланиб, буюртма берилган тўплам етказиб берилиши таъминланди.
🟠Бухоро вилояти
Ҳудудий бошқармага фуқаро Ҳ.Ҳ.нинг “Uzum nasiya” орқали муддатли тўловга қувватловчи қурилма учун берилган буюртма ўз муддатида етказиб берилмаётгани юзасидан юборган шикояти ўрганишларда ўз тасдиғини топди.
Натижада “Uzum market” МЧЖ томонидан кечиктирилган қувватловчи қурилма истеъмолчига етказиб берилиши таъминланди.
🟠Фарғона вилояти
Ҳудудий бошқармага Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи Р.О.дан мурожаат келиб тушган мурожаатда “ENGLIFY” МЧЖ томонидан ташкил этилган онлайн инглиз тили ўқув курсига аъзо бўлгани, бироқ оилавий шароити туфайли компания билан тузилган муддатли тўлов шартномасини бекор қилиниши ҳамда пластик картасидан ушлаб қолинган пул маблағларини қайтариб олишда амалий ёрдам сўраган.
Мазкур мурожаат белгиланган тартибда ўрганиб чиқилиши натижасида “ENGLIFY” МЧЖ билан тузилган муддатли тўлов шартнома бекор қилиниб, фуқаро томонидан тўланган 2 млн 400 минг сўм пул маблағлари истеъмолчига қайтариб берилиши таъминланди.
🟠Наманган вилояти
Ҳудудий бошқарма Давлатобод туманида яшовчи фуқаро Т.А.нинг “Mobil savdo” дўконидан “Ishonch” онлайн савдо дўкони интернет иловаси орқали телефон сотиб олгани ва товарида носозлик маълум бўлиб, уни алмаштира олмаётгани борасидаги шикоятини ўрганиб чиқди.
Ўрганишларда мазкур хизмат кўрсатувчи савдо ходимларига мавжуд қонун талаблари бузилганлиги бўйича тушунтиришлар берилди. Натижада “Mobil savdo” дўкони 5 млн 815 минг сўмга яқин нархда сотган телефон аппаратини қайтариб олиб, фуқаро хоҳишига кўра шартнома бекор қилиниши таъминланди.
🟠Навоий вилояти
Ҳудудий бошқарма Конимех туманида истиқомат қилувчи фуқаро У.А.нинг “Uzum Market” онлайн савдо платформаси орқали харид қилган гўшт товари воситаси нуқсонли чиққани сабабли муаммога дуч келгани юзасидан қолдирган мурожаатини ўрганиб чиқди.
Ўрганишлар натижасида “Uzum market” МЧЖ ва фуқаро ўртасида гўшт майдалагич (блендер) харид қилиш бўйича тузилган шартнома бекор қилиниб, фуқарога товар учун тўланган 199 минг сўм маблағ қайтариб берилиши таъминланди.








