Рақобат қўмитасига коммунал хизматлар-газ таъминоти, чиқинди ташиб кетиш, ичимлик сув таъминоти кўрсатиш бўйича юзага келган муаммоли мурожаатлар ижобий ечим топмоқда.
Мурожаатлар ечими ҳудудлар кесимида:
Хоразм вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Урганч тумани фуқароси Р.Х.га ноқонуний равишда табиий газ таъминотига уланган деб топиб, асоссиз равишда 33,4 млн сўм жарима қўллангани юзасидан келиб тушган мурожаат ўрганилди. Ўрганиш натижасида фуқарога ҳисобланган жарима асоссиз расмийлаштирилганлиги ўз тасдиғини топганлиги сабабли “Hududgaz ta’minot” АЖ ва унинг “Hududgaz Xorazm” газ таъминоти филиалига нисбатан махсус комиссия томонидан иш қўзғатилиб, белгиланган тартибда бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилиши натижасида 33 471 360 сўм жарима бекор қилиниши таъминланди.
Шунингдек, 2024 йил ноябрдан 2025 йил апрелгача бўлган давридаги газ сарфи учун қилинган “Hududgaz Xorazm” филиали билан қилинган қайта ҳисоб-китобларда ҳам фуқаронинг қарздор эмаслиги маълум бўлди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Рақобат қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикасида 2025 йилнинг 7 ойлиги давомида маиший қаттиқ чиқиндиларни олиб кетиш хизматини кўрсатувчи корхоналар фаолияти ўрганилди. Ўрганиш ишлари натижасида чиқиндиларни олиб чиқишда белгиланган графикка риоя этилмагани ва ҳисоб-китобларда қоидабузарликка йўл қўйилгани аниқланди.
Жами 126 656 нафар истеъмолчидан асоссиз равишда 4,2 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундирилгани аниқланиб, ушбу сумма абонентлар ҳисоб-рақамларига қайта ҳисоблаб берилиши таъминланди.
Наманган вилояти
Ҳудудий бошқармага Наманган шаҳар, Зарафшон МФЙда яшовчи фуқаро А.Ғ томонидан чиқиндиларни ташиш ва хизмат кўрсатиш жамияти “Наманган Мусаффо иқлим” МЧЖ томонидан чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмагани, аммо жамият ходимлари томонидан асоссиз 625 000 сўм қарздорлик ҳисобланганидан норози бўлиб, амалий ёрдам сўраб мурожаат қолдирган.
Фуқаро мурожаатини ўрганиш давомида бошқарма ходимлари ҳамда “Наманган Мусаффо иқлим” МЧЖ мутахассислари билан фуқаро томонидан чиқинди учун амалга оширган тўловларини қайта ҳисоб-китоб қилиниб, асоссиз ҳисобланган 625 000 сўм қарздорлик бартараф этилиб, истеъмолчининг бузилган ҳуқуқи тикланишига эришилди.
Фарғона вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро А.Ф.нинг мурожаати асосида ўрганиш ишлари олиб борилди. Унда сув таъминоти корхонаси ходимлари ҳисоблагич кўрсаткичини нотўғри, яъни 4000 куб деб киритгани, аслида эса 3337 куб экани аниқланди.
Натижада, қайта қилинган ҳисоб-китоблар фуқаронинг 652 000 сўм миқдорда ҳақдор эканлигини кўрсатди ва унга юкланган нореал қарздорлик тўлиқ бекор қилиниши таъминланди.