Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий тузилмаларига ишонч телефонлари орқали фуқаролардан савдо соҳаси бўйича тушаётган мурожаатлар ижобий ечим топмоқда.
Андижон вилояти
Ҳудудий бошқармага Асака туманида истиқомат қилувчи фуқаро С.Д. томонидан мурожаат етиб келган бўлиб, ушбу мурожаатда “Техномарт” савдо дўконидан олган маҳсулоти учун ортиқча 334 000 сўм миқдорида тўлов ечиб олинганлиги тўғрисида шикоят қилиб ўтган.
Мазкур мурожаат ўрганиб чиқилиб, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга асосан ортиқча ечиб олинган 334 000 сўм миқдоридаги пул маблағи истеъмолчининг шахсий пластик картасига ўтказиб берилиши таъминланди.
Бухоро вилояти
Ҳудудий бошқармага фуқаро Р.Ю. томонидан келиб тушган мурожаатида стабилизатор сотиб олгани, аммо товарда нуқсони мавжудлиги сабабли шикоят қилиб, нуқсонларни бартараф этиш бўйича “Uzum market” МЧЖга бир неча маротаба мурожаат қилинганига қарамасдан нуқсонлар бартараф этиб берилмаётганидан шикоят қилган.
Олиб борилган саъй-ҳаракатлари натижасида “Uzum market” МЧЖ томонидан 630,0 минг сўм пул тўловлари қайтарилиши таъминланди.
Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқарма Ғаллаорол туманида яшовчи фуқаро М.Б. “Yuksalish” савдо дўкони билан юзага келган ноқулайликлардан норози бўлиб мурожаат қилди. Ўрганишлар давомида фуқаро бир йиллик муддатли тўлов асосида маиший техника сотиб олгани, жорий йилнинг 3 июль куни барча тўловларни тўлагани, аммо 25 июль куни фуқаронинг банк пластик картасидан қайта ечиб олингани маълум бўлди. Натижада 58 000 сўм пул маблағи фуқарога қайтарилиши таъминланди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Рақобат қўмитасига Қонликўл туманида яшовчи С.Г.нинг “Alif Finans” МЧЖ савдо дўконига оид мурожаати ўрганилганида фуқаро муддатли тўловга техника сотиб олиб, қарзни тўлиқ қоплаганига қарамай, меҳнат таътили пулидан ортиқча маблағ ечиб олингани маълум бўлди.
Қонуний тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида 2 млн 60 минг сўмга яқин ортиқча ечиб олинган маблағ фуқарога қайтарилиши таъминланди.
Қашқадарё вилояти
Ҳудудий бошқарма Қарши туманида яшовчи фуқаро К.Ф. “IDEA” савдо дўконидан ойма-ой тўлов шарти билан 17 млн сўмлик маиший техника харид қилгани, бироқ нархнинг қимматлиги сабаб шартномани бекор қилишда амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаатини ўрганиб чиқди. Ўрганиш натижасида тадбиркорлик субъекти қонун талаблари тушунтирилиб, шартнома бекор қилиниб, техника воситаларининг қайтарилиши таъминланди.
Сурхондарё вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Термиз шаҳрида яшовчи фуқаро З.Х.нинг Узум насия орқали харид қилган товарини алмаштиришдаги муаммо юзасидан мурожаати ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида фуқаро томонидан харид қилинган чангютгич ўрнига ўзаро келишувлар асосида кир ювиш машинасига алмаштириб берилиши таъминланди.
Хоразм вилояти
Ҳудудий бошқарма Урганч шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Х.А.нинг нуқсонли раковина жиҳози сифатлисига алмаштириб олишдаги муаммоси юзасидан қолдирган мурожаатини ўрганиб чиқди.
Ўрганиш давомида маҳсулот нуқсонли эканлиги тасдиқланди. Тадбиркорлик субъектига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари тушунтирилди ва натижада фуқарога 3 200 000 сўм пул маблағи қайтариб берилиши таъминланди.








