Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий тузилмаларига фуқаролардан савдо, молиявий хизматлар ва коммунал соҳаларда тушган мурожаатлар ўрганилиб, ижобий ҳал этилмоқда.
Ҳудудлар кесимида мисоллар
🔘Хоразм вилояти
Ҳудудий бошқарманинг ишонч телефони орқали Хонқа туманида яшовчи фуқаронинг янги харид қилган Samsung A 56 телефони носоз чиққанлигидан норози бўлиб қилган мурожаати юзасидан ўрганиш ишлари ўтказилди.
Ўрганишлар жараёнида, ҳақиқатдан телефонда носозликлар мавжудлиги ўз тасдиғини топди. Ҳолат юзасидан тадбиркорлик суъбектига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни юзасидан тушунтириш берилди. Натижада фуқаронинг 4 млн 800 минг сўмга сотиб олган телефони кафолат муддатида таъмирлатиб берилиши таъминланди.
🔘Тошкент вилояти
Ҳудудий бошқармага Юқоричирчиқ туманида яшовчи фуқаронинг йўллаган мурожаатида ижтимоий тармоқ орқали razgovor_uz рус тили курсларига ёзилгани, лекин курс сифати уни қониқтирмагани сабабли амалга оширилган тўлов суммасини қайтариш юзасидан амалий ёрдам сўраган.
Ўрганишлар натижасида, razgovor_uz рус тили курслари учун тўланган 1 млн 300 сўмга яқин пул маблағи истеъмолчига қайтариб берилиши таъминланди.
🔘Тошкент шаҳар
Ҳудудий бошқармага Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Н.С.нинг мурожаати келиб тушди. Унда “Welness Group Prime” МЧЖдан ошхона жиҳозларини сотиб олгани, бироқ ушбу жиҳозлар айнан рекламада берилганидек эмаслиги, яъни сифати пастлиги сабабли шартномани бекор қилиш ҳамда товарга тўланган пул маблағини қайтариб ололмаётгани юзасидан норозилик билдирган.
Ўрганиш ишлари натижасида “Welness Group Prime” МЧЖ томонидан фуқаро билан тузилган шартнома бекор қилиниб, тўланган 13 млн сўмдан ортиқ пул маблағи қайтариб берилиши таъминланди.
🔘Сурхондарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Шўрчи туманида истиқомат қилувчи фуқаро Р.А.нинг тумандаги савдо марказидан бир неча турдаги салқинлантирувчи газланган ичимлигини харид қилиш учун пластик карточкаси орқали тўловни амалга оширган, аммо улардан бири – пепси кола маҳсулоти берилмагани юзасидан қолдирган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Мурожаатни ўрганиш натижасида фуқарога сотувчи томонидан ортиқча олинган маблағи қайтарилиши таъминланиб, мурожаати ижобий ҳал этилди.
🔘Сирдарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро К.Х.нинг табиий газ таъминотидан хонадонига нисбатан асоссиз қарздорлик ҳисобланиб, далолатнома расмийлаштирилгани, ушбу ҳолатни қонун доирасида қайта кўриб чиқиш юзасидан амалий ёрдам сўраб йўллаган мурожаати ўрганилди.
Ўрганишлар натижасида “Ҳудудгаз Сирдарё” ГТФ томонидан истеъмолчига нисбатан ҳисобланган 13 млн сўмдан зиёд нореал қарздорлик юзасидан расмийлаштирилган далолатнома бекор қилиниши таъминланди.








