Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий тузилмаларига автомобилларни харид қилиш, улардаги эҳтиёт қисмларининг носоз чиққани, шу билан бир вақтда жамоат транспортида кўрсатилаётган хизматлар юзасидан тушган мурожаатлар ижобий ҳал этилмоқда.
Мисоллар ҳудудлар кесимида
Қорақалпоғистон Республикаси
Рақобат қўмитасига Чимбой туманида истиқомат қилувчи Д.С.нинг йўллаган мурожаатида шартнома асосида “TRACKER-2 TRK LTZ PLUS” сотиб олган автомобили носоз ҳолатда эканлиги юзасидан амалий ёрдам беришни сўраган.
Мурожаатда келтирилган масала юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилиши натижасида “Driver’s Village” МЧЖга “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари тушунтирилиб, жамият томонидан автомобилда аниқланган носозлик, яъни двигатель совиткич тизимидаги насос янгисига алмаштирилиб берилиши таъминланди.
Самарқанд вилояти
Ҳудудий бошқармага Каттақўрғон шаҳрида яшовчи фуқаро С.А.нинг мурожаати келиб тушган.
Унда фуқаро Самарқанд шаҳар Расадхона МФЙда жойлашган “ADM-ASTER” МЧЖ автосалонидан “Chery 7pro” машинасини харид қилиб олгани ва мазкур машинанинг узатмалар қутиси қисмида носозлик юзага келганлиги, аммо автосалон томонидан мазкур носозлик кафолат муддатига кирмаслиги маълум қилиниб, машинани кафолат шартномаси бўйича тузатиб беришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Ўрганишлар натижасида “ADM-ASTER” МЧЖ томонидан фуқаро автомашинаси узатмалар қутиси янгисига алмаштириб берилиши таъминланди.
Бухоро вилояти
Ҳудудий бошқарма фуқаро К.Л.нинг Навоий шаҳрида фаолият олиб бораётган “DIYOR AVTO MOTORS” МЧЖдан харид қилган Chevrolet Cobalt русумли автомашинаси асл ғилдираклари ўрнига бошқа сифати паст бўлган ғилдираклар ўрнатилгани юзасидан йўллаган мурожаати кўриб чиқилди.
Натижада “DIYOR AVTO MOTORS”МЧЖ томонидан фуқаро К.Л.га тегишли Chevrolet Cobalt русумли автомашинага ишлаб чиқарувчига тегишли бўлган асл ғилдираклар ўрнатиб берилиши таъминланди.
Наманган вилояти мисолида
Ҳудудий бошқарма томонидан “Fair tech” ахборот тизими орқали келиб тушган хабарлар асосида дори воситаларини улгуржи сотувчи 10 та хўжалик юритувчи субъект фаолияти ўрганилди.
Ўрганиш натижасида айрим субъектлар томонидан белгиланган улгуржи референт нархларга риоя этилмаслиги оқибатида 340,3 млн сўм миқдорида ортиқча маблағ олингани аниқланди.
Асоссиз нарх ошириш ҳолатлари бўйича белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, масъулларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.