Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органларига молиявий хизматлар, коммунал ва савдо соҳаларида фуқаролардан тушаётган мурожаатлар ижобий ечим топмоқда.
Ҳудудлар кесимида мисоллар
Андижон вилояти
Ҳудудий бошқармага Андижон туманида истиқомат қилувчи фуқаро С.Д. томонидан шикоят аризаси келиб тушган бўлиб, унда “Ishonch” дўконида пластик карта орқали савдо қилинганда 4 маротаба 45 минг сўмдан жами 180 минг сўм асоссиз ечиб олингани, юзага келган муаммо ҳал қилинмаётгани юзасидан эътироз билдирилган.
Ўрганишлар натижасида “Ishonch” дўкони томонидан хатолик билан ечиб олинган 184 000 сўм миқдоридаги пул маблағи истеъмолчининг пластик картасига қайтариб берилиши таъминланди.
Бухоро вилояти
Ҳудудий бошқармага фуқаро И.М томонидан келиб тушган мурожаатда фуқаро “Buxara Medikal Servis” MЧЖдан шартномага асосан қуёш панеллари ва батареялари харид қилгани товарнинг кафолат муддатида нуқсонлар пайдо бўлгани, аммо мазкур жамият фуқаронинг мурожаатларига эътиборсизлиги сабаб нуқсонларни бартараф этиб берилмаётганлигидан шикоят қилиб, ушбу масалада амалий ёрдам сўралган.
Ўрганишлар натижасида мурожаатчига “Buxara Medikal Servis” MЧЖ томонидан қуёш панелидаги нуқсонлар бартараф этиб берилиши таъминланди.
Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқармага Зомин туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.Ф. “Ishonch” дўконлар тармоғи билан юзага келган ноқулайликлардан норози бўлиб мурожаат қилди.
Мурожаатда фуқаро мазкур тармоқдан муддатли тўлов асосида харид қилган кондиционери носоз чиққани, аммо сервис хизмати ходимлари кондиционерни таъмирлаб беришмагани учун дўкон билан тузилган шартнома бекор қилинишида амалий ёрдам беришни сўраган.
Натижада нуқсонли кондиционер дўконга топширилиб, шартнома бекор қилиниб, ойлик тўлови учун ечиб олинган 1 млн 800 минг сўмдан ортиқ пул маблағлари қайтариб берилиши таъминланди.
Фарғона вилояти
Ҳудудий бошқармага Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро А.С.дан келиб тушган мурожаатда таъкидланишича, фуқаронинг хонадонидаги газ ҳисоблагич ускунаси носоз ҳолга келиб қолгани сабабли компьютер базасига нотўғри — юқори кўрсатгичлар юборган. Газ таъминоти ходимлари томонидан ускуна ечилиб, ишлаб чиқарувчи ташкилот томонидан таъмирланган бўлса-да, ҳисоботларда нотўғри акс этган қарздорлик суммаси қайта ҳисобланмагани истеъмолчининг норозилигига сабаб бўлган.
Мурожаат тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганилиб, масалага ойдинлик киритилди. Натижада фуқарога нисбатан ҳисобланган 1 млн 400 минг сўмга яқин нореал қарздорлик бартараф этилиши таъминланди.








