Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органларига фуқаролардан автомобилларни етказиб бериш, харид қилиш, уларга кафолатланган сервис хизматлари кўрсатилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан келиб тушган мурожаатлар ўз вақтида ўрганилиб, истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқлари тикланишига эришилмоқда.
Ҳудудлар кесимида мисоллар:
🟡Бухоро вилояти
Автомобилнинг носозлигига олиб келган ёқилғи учун истеъмолчининг 14 млн 400 минг сўмга яқин зарари қопланди
Ҳудудий бошқарма фуқаронинг “Нарзуллообод Жавоҳири” ХК ёқилғи қуйиш шохобчасидан олинган 10 литр АИ-95 бензин сабабли автомобилида носозлик юзага келгани ҳақидаги мурожаатини ўрганди. Сервис хулосаси асосида ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан корхонага нисбатан иш қўзғатилиб, автомобилга етказилган 14,4 млн сўм зарар истеъмолчига қоплаб берилиши таъминланди.
🟡Жиззах вилояти
Автомобилдаги нуқсонли мотор ўрнига янгиси ўрнатилди
Ҳудудий бошқарма Самарқанд вилояти фуқаросининг “Jizzax Avto Savdo” МЧЖдан харид қилган “Chevrolet Tracker” Premier Plus автомобилининг моторида нуқсон аниқлангани бўйича мурожаатини ўрганди. Натижада автосалон томонидан нуқсонли автомобиль ўрнига худди шу нархдаги янги автомобиль билан алмаштириб берилиши таъминланди.
🟡Қашқадарё вилояти
Кечиктириб етказилган “Cobalt” автомашинаси фуқарога топширилиши таъминланди
Ҳудудий бошқарма Ғузор тумани фуқаросининг “Favorite-Cars-Service” МЧЖга 27.01.2025 куни тўлов қилганига қарамай, “Сobalt” автомобили белгиланган муддатда етказилмагани бўйича мурожаатини ўрганди. Натижада 10 ой кутилган автомобиль фуқарога етказиб берилиши таъминланди.
🟡Навоий вилояти
Фуқаронинг ONIX автомашинасидаги аккумулятор ўрнига янгиси қўйиб берилди
Ҳудудий бошқарма Хатирчи тумани фуқаросининг “BILLUR AVTO SAVDO NAVOIY” МЧЖдан харид қилинган ONIX автомобилининг олд эшик қопламасида нуқсонлар борлиги ва аккумулятори носоз эканлиги ҳақидаги мурожаатини ўрганди. Натижада автосалон томонидан нуқсонлар бартараф этилди ва аккумулятор сифатлисига алмаштирилиши таъминланди.
🟡Самарқанд вилояти
Белгиланган муддатда етказилмаган “Сobalt” автомобили бўйича фуқаро мурожаати қаноатлантирилди
Ҳудудий бошқарма фуқаронинг мурожаатини ўрганганида 2025 йил 3 ноябрда “Сobalt” автомобили учун тўлиқ тўлов қилингани, бироқ автомобиль ўз вақтида етказилмагани аниқланди. Натижада автосалон томонидан “Сobalt” қисқа муддатда фуқарога етказиб берилиши таъминланди.
🟡Сурхондарё вилояти
Фуқаронинг “Chery” автотранспорт воситасидаги носозлик бўйича мурожаати кўриб чиқилиб, автомобиль тўлиқ таъмирланди
Ҳудудий бошқарма Термизлик фуқаронинг 173 млн сўмлик “Chery” автомобилида қисқа муддатда носозлик юзага келгани ва таъмирланмаётгани бўйича мурожаатини ўрганди. Натижада автомобиль автосалон томонидан тўлиқ таъмирлаб берилди.
🟡Тошкент вилояти
Фуқаронинг “KIA Sonet” автомобилидаги техник носозлиги бартараф этилиши таъминланди
Ҳудудий бошқарма фуқаро мурожаатини ўрганиб, кафолатдаги “KIA Sonet” автомашинасида техник носозлик аниқлангани ва таъмирлаш учун 840 минг сўм талаб қилинганини маълум қилди. Натижада “Qibray Avto Markaz” МЧЖ томонидан автомашина мойи ва фильтри тўлиқ янгисига бепул алмаштириб берилиши таъминланди.
🟡Тошкент шаҳри
Нуқсонли “Damas-2 D2 Style Plus” автомобиль сифатлисига алмаштириб берилди
Ҳудудий бошқарма Чиноз тумани фуқаросининг “TOSHKENT DEU” МЧЖдан харид қилган автомобилида нуқсонлар борлиги ва сифатлисига алмаштиришда муаммолар юзага келгани ҳақидаги мурожаатини ўрганди. Натижада фуқарога автомобиль худди шу русумдаги янгисига алмаштирилиши таъминланди








