Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, ижобий ҳал этиб борилмоқда
Мурожаатлар ҳудудлар кесимида
Андижон вилояти
Фуқаро Х.М. “O’zbegim” савдо марказидаги “Idea” дўконидан муддатли тўлов асосида телефон харид қилган. Телефон яроқсиз бўлиб чиққан ва қайтарилганига қарамасдан, “IMAN Invest” компанияси томонидан 2 200 000 сўм қайтариб берилмаган. Ўрганиш натижасида, мазкур сумма истеъмолчига қайтарилди ва ҳуқуқлари тикланди.
Жиззах вилояти
Фуқаро ҳудудий бошқармага қилган мурожаатида таъкидлашича, у “Roodell” МЧЖ билан KIA Bongo автомобили учун шартнома тузиб, шу куни тўловнинг ярмини нақд шаклда, қолган қисмини кредит асосида амалга оширган. Буюртма ҳали етказиб берилмасдан шартномани бекор қилиш мақсадида автосалонга мурожаат қилган, бироқ автосалон ходимлари шартнома бекор қилиниши учун шартнома қийматининг 5 фоизини тўлаш талаб қилинганини маълум қилган.
Навоий вилояти
Фуқаро Х.А. маиший техника дўконидан SHIVAKI кондиционерини сотиб олган. Ўрнатилгандан сўнг, маҳсулотда иссиқлик чиқаришда муаммо аниқланган. Савдо ва сервис марказига бир неча бор мурожаат қилинган, аммо ижобий натижа бўлмаган.
Ҳудудий бошқарма ўрганиши натижасида, “XATIRCHI CITY HAMROHI” МЧЖ томонидан янги товарга алмаштириб берилди.
Наманган вилояти
Ҳудудий бошқармага фуқаро А.О. истеъмол қилган электр энергияси учун 1 018 200 сўм асоссиз қарз ҳисобланганидан норози бўлиб мурожаат қилган. Ўрганишлар натижасида, электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг 118-бандига асосан, қарз асоссиз деб топилиб, истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Самарқанд вилояти
Фуқаро “Agromir Buildings” қурилиш компаниясига 42,1 млн сўм тўлов амалга оширганини, лекин субсидия ҳужжатларини расмийлаштириш имкони бўлмагани сабабли шартномани бекор қилиш учун мурожаат қилганини билдирган. Компания тўловни 1 ойда қайтаришга ваъда берган, аммо белгилаб берилган муддатда пул маблағлари қайтарилмаган.
Мазкур ҳолат мутахассислар томонидан ўрганилиб, шартнома бекор қилинди ва фуқарога 42 млн 201 минг сўм тўлиқ қайтарилди.
Тошкент вилояти
Фуқаро “KIA SONET” автомобилидаги носозликлар ҳақида мурожаат қилган. Олиб борилган ўрганишлар натижасида, “SST INVEST ONE” МЧЖ дилер корхонаси мутахассислари томонидан носоз деб топилган эҳтиёт қисм олиб келиниб, автомобиль соз ҳолатга келтирилди.
Хоразм вилояти
Фуқаро “Aminov texnika markazi”дан 10 млн сўмга “Immer 75” телевизор сотиб олган. Кафолат муддатида маҳсулот носоз ҳолатга келган, сервис марказига бир неча бор мурожаат қилганига қарамасдан, таъмирлаб берилмаган.
Ҳолат ўрганилиб, телевизор нуқсонли деб топилди ва фуқаронинг хоҳишига кўра янгисига алмаштириб берилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига асосан истеъмолчи, сифатли ва ишончли товар ҳамда хизмат олиш, тўлиқ маълумотга эга бўлиш, зарур ҳолларда шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасига асосан сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.