Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига фуқароларнинг рақамли платформа операторлари фаолияти юзасидан тушган мурожаатлари ўрганиб чиқилиб ўз ечим топмоқда.
Жумладан,
Самарқанд вилояти
Фуқаро И.Ю “HUMANS” мобил иловасида 9,4 млн сўм “Кешбек” йиғиб, ушбу платформа орқали телефон буюртма қилган, аммо телефон етиб келмаганлигидан норози бўлиб ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борган ўрганишлар натижасида, фуқарога телефон учун тўлаган маблағи тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
Сирдарё вилояти
Боёвут туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.С. “Бадавлат аёл” онлайн ўқув курсида иштирок этиш учун “UZUM NASIYA” тизимида муддатли шартнома тузиш орқали ўқув курси харид қилганлигини, бироқ фуқарони ўқув курси гуруҳидан чиқариб юборилганлиги, шартнома эса бекор қилинмаётганлигини маълум қилиб, ҳудудий бошқармага мурожаат қолдирган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борган ўрганишлар натижасида, фуқаро билан тузилган шартнома бекор қилиниши таъминланди.
Тошкент шаҳар
Сергели туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.Қ “IMAN INVEST” компаниясига шартнома асосида, омонат учун қўйган 29 млн сўм миқдордаги пул маблағи қайтариб берилиши бўйича ҳудудий бошқармага мурожаат қолдирган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борган ўрганишлар натижасида, омонат пул маблағи фойда билан ҳисобланган ҳолда истеъмолчига қайтариб берилиши таъминланди.
Тошкент вилояти
Фуқаро “SHAFFOF-MOLIYA” ва “NIYAT EDUCATION” МЧЖлар билан биргаликда кредит учун шартнома тузилганлиги, лекин пул олинмаганлигини таъкидлаб, мазкур шартномани бекор қилиши юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борган ўрганишлар натижасида, “SHAFFOF-MOLIYA” МЧЖ томонидан тузилган шартнома бекор қилиниб, тўлов қилинган маблағлар истеъмолчига қайтариб берилиши таъминланди.








