Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари доирасида реклама бозорини тартибга солишда доимий равишда ташқи реклама воситаларини жойлаштириш тартибига амал қилиниши юзасидан ўрганиш ва мониторинг ишлари олиб борилмоқда.
Қашқадарё вилояти
Ҳудудий бошқарма ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташқи реклама объектларининг “Реклама тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқлигини ўрганилиши натижасида 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари томонидан йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, мазкур ҳолатлар бартараф этилди ва ташқи реклама объектлари уларнинг эгалари томонидан ихтиёрий равишда демонтаж қилинди.
Жумладан, “COSMOS SIFATLI TEXNIKA OLAMI”, “ASL YUKSALISH SAVDO”, “LITTLE GLAMOUR QARSHI”, “FORMULA EXPERT SERVICE”, “MUBORAK STORE” ва “GARANT GENUINE” МЧЖлари каби 15 га яқин тадбиркорлик субъектлари томонидан жойлаштирилган ташқи реклама объектлари қонун талабларига мувофиқлаштирилди ҳамда тегишли тартибда эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш учун аризалар тақдим этилди.
Навоий вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Навоий шаҳри ва Кармана туманида жойлашган ташқи реклама объектларининг “Реклама тўғрисида”ги Қонун ҳамда соҳавий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мослиги ўрганилди.
Ўрганишлар натижасида 50 дан ортиқ ҳолатда ташқи реклама объектлари белгиланган тартибдаги рухсатномаларсиз ва қонун талабларига зид равишда ўрнатилгани аниқланди.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва улар томонидан қонунга зид ҳолатлар ихтиёрий равишда бартараф этилди.
Наманган вилояти
Ҳудудий бошқарма Наманган вилояти ва шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда Наманган шаҳрининг Тўрақўрғон ва Амир Темур кўчаларидаги ташқи реклама объектларини ўрганиш бўйича ишларни олиб бормоқда.
Мониторинг доирасида тадбиркорлар томонидан ўрнатилган баннер ва пешлавҳалар хатловдан ўтказилиб, уларнинг қонунийлиги ўрганилди.
Ўрганишлар натижасида реклама ўрнатиш тартибига риоя этилмаган ҳолатлар бартараф этилди ҳамда рекламаларнинг паспортларини расмийлаштириш ишлари йўлга қўйилди.
Шу билан бирга тадбиркорларга мутахассислар томонидан ҳуқуқий тушунтириш ва амалий тавсиялар берилди.
Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан жорий йилнинг июль–август ойларида 360 та мониторинг ўтказилиб, 37 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Тадбиркорларга тушунтириш ва огоҳлантиришлар бериш орқали камчиликлар бартараф этилди.
Жумладан, Жиззахдаги “Дунё мажнунтол” МЧЖ ва ЯТТ Холматов Сардорга нисбатан ташқи реклама объектларини рухсатномасиз ўрнатгани учун ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда.
Фарғона вилояти
Ҳудудий бошқарма ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Ташқи рекламани мувофиқлаштириш бўлинмаси билан ҳамкорликда 2025 йил июль-август ойларида Фарғона ва Марғилон шаҳарларида ташқи реклама объектлари “Реклама тўғрисида”ги Қонун талабларига мослиги мониторинг қилинди.
Жумладан, тадбирлар давомида 110 дан ортиқ реклама объекти ўрганилиб, қатор қонунбузилиш ҳолатлари: давлат тили талабларига риоя қилинмагани, рухсатномаларсиз ўрнатиш ҳамда ҳаракат хавфсизлигига хавф солувчи ҳолатлар аниқланиб, тадбиркорларга тушунтириш ва ҳуқуқий кўрсатмалар берилди.
Бухоро вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида вилоятда фаолият юритаётган “BUXARA MEGA MARKET” МЧЖ ҳамда “MUSTAHKAM QURILISH DEVELOPMENT” МЧЖ Қ/К томонидан ўрнатилган ташқи реклама объекти (конструкцияси)да реклама жойининг паспорти мавжуд бўлмаганлиги аниқланди.
Ушбу тадбиркорлик субъектларига нисбатан “Реклама тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилганлиги аломатлари билан махсус комиссия томонидан иш қўзғатилиб, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича кўрсатма берилди.