Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан истеъмол товарларининг сифати ва хавфсизлиги норматив талабларга мувофиқлигини ўрганиш мақсадида назорат харидлари амалга оширилмоқда.
Ҳудудлар кесимида мисоллар
🔘Бухоро вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан аҳолига етказилаётган кўмир маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини текшириш мақсадида вилоятда сотилаётган кўмирдан намуна олиниб, “Uz Test” Наманган филиали синов лабораториясига юборилди.
🔘Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Жиззах шаҳри “Эски шаҳар” деҳқон бозоридаги дўконлардан “Don non”, “Mohtob” ва “Buyuk” номли 1-навли буғдой унларидан намуна олиниб, лаборатория таҳлилига юборилди. Натижада барча намуналарда темир ва рух моддалари миқдори белгиланган меъёрларга жавоб бермаслиги аниқланиб, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
🔘Наманган вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан “Mustafa Estetik XIS” МЧЖнинг “MUSTAFO” ширинлик маҳсулотидан назорат учун намуна олиниб, лабораторияга топширилди. Таҳлил натижасида маҳсулот санитария талабларига жавоб бермаслиги ва ёрлиғида ишлаб чиқарилган сана ҳамда яроқлилик муддати кўрсатилмагани аниқланди.
Амалдаги меъёрий ҳужжат талабларини бузган корхонага белгиланган тартибда бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
🔘Қашқадарё вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан “Кўмир таъминот” МЧЖ Қашқадарё вилояти филиали омборида кўмир маҳсулотининг сифати ва сақланиш шароитини ўрганиш бўйича назорат тадбири ўтказилди.
Назорат давомида кўмирдан белгиланган тартибда намуна олиниб, лаборатория синови учун ваколатли органга юборилди.
🔘Самарқанд вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Самарқанд шаҳрида “SAM-FLOUR PRODUCTION” МЧЖ ишлаб чиқарган ун маҳсулотларидан назорат учун намуна олиниб, лаборатория таҳлилига топширилди. Таҳлил натижасида олий навли буғдой унида темир моддаси аниқланмагани ва рух миқдори меъёрдан камлиги маълум бўлди.
Шу асосда корхонага унни микронутриентлар билан бойитган ҳолда реализация қилиш бўйича тегишли тартибда бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
🔘Сурхондарё вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Термиз шаҳридаги дўконларида назорат хариди ўтказилиб, “SALAR MEAT Produkt”, “Sper Kola kompaniyasi”, “TUNIS VMASLA OIL”, “Golden Grant Business” МЧЖ, “Sho’rchidonmaxsulotlari” АЖ, “Sano Milk” МЧЖ, “ECO TRADE” МЧЖ, “GULTEPA O‘G‘LONLARI” ХК, “TUNIS VMASLA OIL” каби ишлаб чиқарувчи корхоналарга тегишли озиқ-овқат маҳсулотларидан 46 тасидан намуналар олиниб, лабораторияга топширилди.
Таҳлилларда 36 та маҳсулотнинг яроқлилик муддати ўтгани аниқланди ва хўжалик юритувчи субъектга нисбатан маъмурий чора кўриш юзасидан тегишли маълумотлар суд органларига юборилди.
🔘Хоразм вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан буғдой уни маҳсулотларидан намуналар харид қилиниб, лабораторияга топширилди. Таҳлиллар “Arimex” МЧЖнинг “E’zoz” ва “Pitnak agro don” МЧЖнинг “Oydin” ун маҳсулотларида микронутриентлар миқдори жуда паст эканлигини кўрсатди.
Шу муносабат билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳудудий бўлимларига ваколати доирасида тегишли чоралар кўриш бўйича кўрсатма юборилди.








