Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ишчи гуруҳи томонидан ташқи ёзувлар ва реклама объектларининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўрнатилганлиги ҳолати ўрганилмоқда. “Реклама тўғрисида”ги қонун талаблари бузилганлиги аниқланган тадбиркорлик субъектларига нисбатан ишлар қўзғатилади, камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилиб, молиявий жарималар ҳам қўлланиб борилади.
Ўрганишлар ҳудудлар кесимида
Қорақалпоғистон Республикаси
Рақобат қўмитаси “ISLAM TEXNO MIR” МЧЖда ташқи реклама қоидаларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Ўрганиш натижасида жамият томонидан 1 кв.м ва ундан ошган рекламалар паспортсиз жойлаштирилгани аниқланди. Бу ҳолат расмий далолатнома билан тасдиқланиб, Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарорига асосан иш қўзғатилди.
Натижада, “ISLAM TEXNO MIR” МЧЖга нисбатан молиявий жарима қўллаш бўйича Нукус туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилиб, ариза қаноатлантирилди.
Сурхондарё вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Олтинсой туманида “Реклама тўғрисида”ги қонунчилик талабларини ўрганиш жараёнида, фуқаро С.Э. томонидан ташкил этилган «IYMONA TRAVEL DENOV» номли телеграм гуруҳида “UMRA HAJ” сафари бўйича ноқонуний реклама тарқатилгани аниқланди. Қонунбузилиш ҳолати юзасидан фуқарога нисбатан маъмурий жарима қўлланилди.
Тошкент вилояти
Ҳудудий бошқарма Тошкент вилояти ҳокимлиги тақдим этган маълумотга асосан “GEPARD AVTO OIL”, “GOOD-GAZ”, “STAR OIL” ва “ANGREN SOKIN” МЧЖлари томонидан ноқонуний ўрнатилган ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) бўйича олиб борган ўрганишларида “Реклама тўғрисида”ги қонун талаблари бузилганлиги аниқланди ва мазкур тадбиркорлик субъектларига нисбатан иш қўзғатилиб, молиявий жарималар қўлланилди.
Шунингдек, “GREEN HILLS PREMIUM” МЧЖ томонидан Booking,com халқаро онлайн бронлаш тизимида тасдиқланмаган ҳолда “юлдуз”ни қўйиш орқали реклама қўйгани маълум бўлди. Корхонага қонунбузилишни бартараф этиш бўйича кўрсатма берилиб, молиявий жарима солинди.
Сирдарё вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Ховос туманида “Давлат тили ҳақида” ва “Реклама тўғрисида”ги Қонунлар ижросини таъминлаш мақсадида олиб борилган назорат тадбирлари давомида Чаманзор, Бунёдкор, Тинчлик ва Дўстлик маҳаллаларидаги 30 дан ортиқ ноқонуний, эскирган ҳамда ахлоқ нормаларига зид реклама объектлари аниқланиб, бартараф этилди.
Самарқанд вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан вилоятда фаолият юритувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг реклама тарқатиш фаолияти доимий назорат қилиб борилмоқда.
Ўрганишлар давомида Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги “Stom Alishon”, “Charisma Dental”, “Doktor Samariddin” ва “North Star Ishtixon” MЧЖлар томонидан белгиланган тартибда паспорт расмийлаштирмасдан ташқи реклама ўрнатилгани аниқланди.
Мазкур ҳолатлар махсус комиссия томонидан кўриб чиқилиб, қонунбузар субъектларга нисбатан белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилди.
Шунингдек, ноқонуний рекламаларни бартараф этиш ва келгусида қонун бузилишига йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берилди.