Рақобат қўмитаси томонидан умумий 9,1 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди
Мисоллар ҳудудлар кесимида:
🔘Қашқадарё вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Қарши давлат университети буюртмачилигида 250 млн сўмга яқин танлов савдосида олиб борилган ўрганишларда баҳолаш жараёнида нохолисликка йўл қўйилгани аниқланди. Хусусан, харид комиссияси иштирокчилар тақдим этган ҳужжатларни нотўғри баҳолаб, мавжуд қонун талабларига зид равишда амалга оширилгани маълум бўлди.
Махсус комиссия томонидан иш қўзғатилиб, тегишли кўрсатма берилди. Шунингдек, мансабдор шахсларга маъмурий чора кўриш юзасидан тегишли маълумотлар суд органларига юборилди.
🔘Навоий вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганишларда Ўзбекистон Республикаси Маҳаллалар уюшмасининг Навбаҳор туман бўлими томонидан ўтказилган 90 млн сўмга яқин бўлган 7 та танлов (тендер) савдоларининг барчасида қонунбузилиш ҳолатлари мавжудлиги маълум бўлган.
Махсус комиссия томонидан мазкур уюшманинг Навбаҳор туман бўлимига белгиланган тартибда иш қўзғатилди ва бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди. Шунингдек, мансабдор шахсларга маъмурий чора кўриш юзасидан тегишли маълумотлар суд органларига юборилди.
🔘Наманган вилоят
Ҳудудий бошқарма томонидан Поп Мурувват эркаклар учун интернат уйи буюртмачилигида 2024 йилда амалга оширилган давлат харидлари бўйича ўрганиш ва таҳлиллар олиб борилди.
Хусусан, мазкур интернат уйи 2 та лот бўйича бошланғич нархи 3.5 млн сўмлик товар, иш ва хизматлар сотиб олиш бўйича амалга оширилган давлат харидларида, қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш ҳолатлари аниқланди.
Шунингдек, Поп Мурувват эркаклар учун интернат уйига нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни талаблари бузилиши бўйича иш қўзғатилди ҳамда бошқарма томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
🔘Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Фориш тумани ҳокимлиги томонидан “Маиший техника харид қилиш” бўйича ўтказилган бошланғич нархи 72 млн сўмга яқин танлов савдоcи юзасидан ўрганишлар ўтказилганда қонун талаблари бузилганлиги аниқланган.
Натижада Махсус комиссия қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатиб, уларни бартараф қилиш бўйича кўрсатма берилди.
🔘Фарғона вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан “Қамчиқавтойўл” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш корхонаси томонидан бошланғич нархи 900 млн сўм бўлган “Автомобиль йўлларида қишда сирпанишга қарши қум маҳсулотлари сотиб олиш” учун ўтказилган энг яхши таклифларни танлаш савдоси бўйича ўрганиш ишлари ўтказилганда, унда ўзаро аффилланган “Sand and Gravel Wholesale” МЧЖ ва “Bus Park and Trading” МЧЖ талабгор сифатида тижорат таклифларини топширганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Махсус комиссия иккала МЧЖларга нисбатан иш қўзғатиб, қонунбузилиш ҳолатларини тўхтатиш ҳамда келгуси йўл қўймаслик бўйича бажарилиш мажбурий бўлган кўрсатма берди.
🔘Бухоро вилояти
Ҳудудий бошқарма “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ томонидан бошланғич нархи 500 млн сўмлик ўтказилган танлов (тендер) савдосининг қонун талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди.
Ўрганишларда мазкур амалга оширилган давлат харидида “Etender. uzex. uz ахборот порталида танлаш ҳужжатларида таклифларни баҳолаш мезонлари жойлаштирилмагани ҳамда харид комиссияси томонидан иштирокчиларнинг таклифларини техник қисми баҳолаш мезонларисиз баҳоланганлиги маълум бўлди.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, Махсус комиссия томонидан мазкур МЧЖга белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли кўрсатма берилди.
🔘Тошкент шаҳар мисолида
Ҳудудий бошқарма томонидан “Ўзбекистон Миллий Электр Тармоқлари” АЖ томонидан бошланғич нархи 7,3 млрд сўмлик танлов савдоси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси талабларига зид равишда ўтказилгани аниқланди.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолати бўйича буюртмачига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли кўрсатма берилди.