Рақобат қўмитаси томонидан савдо соҳасидаги муаммолар ижобий ҳал этилмоқда
Рақобат қўмитасига савдо соҳасида, яъни истеъмолга яроқсиз маҳсулотлар ва уларни сифатлисига алмаштириб олишдаги муаммолар юзасидан фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Мурожаатлар ҳудудлар кесимида:
🔵Тошкент шаҳар
Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи фуқаро О.К. томонидан ишонч телефони орқали “DRIVER’S VILLAGE” МЧЖга тегишли автосалондан “COBALT GX-MIDNIGHT AT” русумидаги харид қилинган автомобилнинг кузов қисмига бўёқ қилинганлиги сабабли автомобилини алмаштириб берилишида амалий ёрдам сўраган.
Ўрганиш натижасида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунига асосан, яъни ишни (хизматни) қабул қилиб олиш вақтида ёки унинг бажарилиши жараёнида нуқсонлар аниқлангани учун фуқаронинг автомобили сифатлисига алмаштириб берилиши таъминланди.
🔵Навоий вилояти
Ҳудудий бошқармага Қизилтепа туманида истиқомат қилувчи фуқаро П.Т. маиший техникалар савдо дўконидан харид қилган VOLTO русумли телевизорида 6 ой ўтгач носозликлар пайдо бўлгани, савдо дўкони мазкур муаммони ҳал этмаётгани юзасидан мурожаат қилган.
Мурожаат ўрганиб чиқилиши натижасида “VOLTO” МЧЖга тегишли сервис маркази томонидан телевизордаги мавжуд носозлик бартараф этилиши таъминланди.
🔵Сурхондарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Бойсун туманида яшовчи Х.С. томонидан келиб тушган мурожаатда Фарғона вилоятида фаолият юритаётган “Технологиялар олами” МЧЖга ғишт ишлаб чиқариш ускунаси буюртма қилган, аммо буюртма нотўғри манзилга етказилган, бундан ташқари унда бир қатор техник носозликлар мавжудлиги аниқланганини қайд этган.
Ўрганишлар натижасида мазкур МЧЖ томонидан фуқарога етказилган 4,5 миллион сўм миқдоридаги моддий зарар
қоплаб берилиши таъминланди.
🔵Қашқадарё вилояти
Ҳудудий бошқармага тушган мурожаатда Чироқчи туманида истиқомат қилувчи фуқаро Қ.Г. “UZUM” маркет онлайн дўкони орқали чангютгич сотиб олгани, аммо маҳсулот ҳеч қанча вақт ўтмасдан сифатсизлиги сабабли унга тўланган пулини қайтарилишида амалий ёрдам сўраган.
Ўрганиш натижасига кўра, фуқарога сифатсиз маҳсулот учун тўлаган 4 500 000 сўм маблағи тўлиқ қайтарилиши таъминлаб берилди.
🔵Хоразм вилояти
Ҳудудий бошқарма Урганч шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаронинг Урганч шаҳрида жойлашган соат дўконидан янги соат харид қилгани, аммо қисқа муддатда унинг носозлиги маълум бўлгани, сотувчи унга тўланган пулларини қайтариб бермаётганидан норози бўлиб қолдирган мурожаатини ўрганиб чиқилди.
Ўрганишларда ушбу маҳсулот ҳақиқатда нуқсонли эканлиги ўз тасдиғини топди. Тадбиркорлик субъектига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун юзасидан тушунтириш берилди. Шундан сўнг фуқарога 1 830 000 сўм маблағи қайтарилиши таъминланди.