Рақобат қўмитаси томонидан республикамизнинг барча ҳудудлари кесимида сифатсиз ҳамда яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни савдодан олиб ташлаш, истеъмол бозорларида санитария ва савдо қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда комплекс ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан,
🟠Жиззах вилояти мисолида,
Ҳудудий бошқарма томонидан сифатсиз ва истеъмолга яроқсиз маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш мақсадида жами 38 та назорат хариди ўтказилди. Олинган лаборатория хулосаларига кўра, 7 турдаги маҳсулотларнинг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги амалдаги норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқ экани аниқланди. Натижада қиймати қарийб 46,0 млн сўмни ташкил этувчи истеъмолга яроқсиз маҳсулотлар қонунчиликда белгиланган тартибда савдо расталаридан олиб ташланиши таъминланди.
Шунингдек, мазкур ҳолатлар бўйича қонунчиликка асосан тадбиркорлик субъектларига нисбатан белгиланган тартибда тегишли таъсир чоралари кўрилди.
🟠Наманган вилояти мисолида,
Ҳудудий бошқарма томонидан Наманган шаҳрида жойлашган “Сардоба” деҳқон бозорида ўтказилган ўрганишлар давомида қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Хусусан, бозордаги 181-сонли савдо дўконида 13 турдаги 27 та қадоқда, 111-сонли савдо дўконида 13 турдаги 39 та қадоқда ҳамда 117-сонли савдо дўконида 5 турдаги 18 та қадоқда, жами 3 та савдо дўконида 31 турдаги 84 та қадоқдаги қиймати қарийб 2 млн сўмни ташкил этувчи озиқ-овқат маҳсулотлари аниқланди.
Ушбу маҳсулотларда ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати ва ишлаб чиқарувчи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган бўлиб, белгиланган тартибда савдо расталаридан олиб қўйилди ҳамда ваколатли органлар томонидан қонунчиликка мувофиқ тегишли таъсир чоралари кўрилди.
🟠Навоий вилояти мисолида,
Ҳудудий бошқарма томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда вилоятдаги барча деҳқон бозорлари ҳамда аҳоли гавжум жойларида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда. Ушбу ярмаркалар доирасида сотилаётган маҳсулотларнинг сифати, яроқлилик муддати ва сақлаш қоидаларига қатъий риоя этилиши таъминланиб, мазкур масалалар доимий назоратга олинмоқда. Бу эса аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, Навоий шаҳри ҳамда Кармана туманида жойлашган деҳқон бозорларида назорат тадбирлари ўтказилиб, ўрганишлар давомида тадбиркорлик субъектларига яроқлилик муддати ўтган ва сифати талабларга жавоб бермайдиган маҳсулотларни савдога чиқармаслик бўйича тушунтириш ва профилактик ишлар амалга оширилди.
🟠Тошкент вилояти мисолида,
Оққўрғон туманида яшовчи фуқаро Х.С. савдо дўконидан харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотларида ишлаб чиқарилган сана ва яроқлилик муддати кўрсатилмагани юзасидан мурожаат қилди. Ўрганиш натижасида қоидабузарлик тасдиқланиб, “Атхамов Камронбек 701” МЧЖ масъул ходимларига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.








