Рақобат қўмитаси томонидан республика ҳудудлари кесимида истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий ўрганилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда
Жумладан,
🔘Андижон вилояти мисолида:
“HUMANS” пластик картасидаги пуллар истеъмолчига қайтарилди!
Жалақудуқ туманида яшовчи фуқаро А.Ж. “HUMANS” компаниясидан олинган пластик картасидаги пул маблағини ечиб ололмаётгани, компания ва банкка қилган мурожаатлари натижа бермаётгани юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ўрганишлар давомида ҳолат тасдиқланди ва “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида фуқаронинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди.
Натижада, истеъмолчининг пластик картасидаги 28 млн сўмдан ошиқ пул маблағи “HUMANS” компанияси томонидан тўлиқ ўтказиб берилиши таъминланди. Мурожаат ижобий ҳал этилди.
🔘Жиззах вилояти мисолида
Ш.Рашидов туманида истиқомат қилувчи фуқаролар “Hududgaz” Жиззах газ таъминоти филиали томонидан фойдаланилган табиий газ учун асоссиз далолатнома тузилганлиги юзасидан мурожаат қилган.
Ўрганишлар натижасида филиалга нисбатан иш қўзғатилди ва асоссиз ҳисобланган жами 52 млн сўмдан ошиқ маблағ фуқаролар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди. Ҳудудий бошқарма аралашуви натижасида истеъмолчининг ҳуқуқлари тўлиқ ҳимоя қилинди.
🔘Фарғона вилояти мисолида
Фуқаро мурожаати ижобий ҳал этилди!
Олтиариқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро Б.Расулов “Farg‘ona suv ta’minoti” АЖ томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланаётганлиги юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ўрганишлар натижасида фуқаронинг хонадонида истеъмол қилинган ичимлик сув ҳажмлари ва амалга оширилган тўловлар таққосланганда, 540 минг сўм асоссиз қарздорлик мавжудлиги аниқланди. Амалдаги ҳисоблагич кўрсаткичи электрон дастурга тўғри киритилганда, фуқаро 80 минг сўмга яқин ҳақдор эканлиги маълум бўлди.
Ҳудудий бошқарма аралашуви натижасида фуқаро Б.Расулов фойдасига жами 600 минг сўмдан ошиқ пул маблағлари қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
🔘Бухоро вилояти мисолида:
Фуқаро Ф.Ғиёсов томонидан Президентнинг “Ишонч телефони” орқали юборилган мурожаатда, у “Buxoroavtotexxizmat” МЧЖдан шартнома асосида сотиб олган “Тraker-2” автомобили кафолат даврида двигателда пайдо бўлган нуқсонлар бартараф этилмаётганидан норозилик билдирган.
Ўрганишлар давомида ҳолат тасдиғини топди ва “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 8, 15 ва 23-моддалари асосида фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинди.
Ҳудудий бошқарма аралашуви натижасида “Buxoroavtotexxizmat” МЧЖ томонидан автомобил двигатели янгисига алмаштириб берилди. Мурожаат ижобий ҳал этилди.
🔘Қорақалпоғистон Республикаси мисолида:
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига “Call-center” орқали мурожаат қилган фуқаро А.Қ “Qaraqalpaq Avtotexxızmet” МЧЖ билан автомобил харид қилиш учун олдиндан 156 млн сўмдан ортиқ маблағ тўлагани, аммо транспорт воситасини олиш рад этилгани сабабли маблағни қайтариб олишда ёрдам сўраган.
Ўрганиш натижасида ҳолат тасдиқланди ва фуқаронинг ҳуқуқлари амалдаги қонунчилик асосида ҳимоя қилинди. Ҳудудий бошқарма аралашуви билан МЧЖ томонидан фуқарога олдиндан тўланган 156 млн сўмдан ортиқ маблағ тўлиқ қайтариб берилди. Мурожаат ижобий ҳал этилди.







