Рақобат қўмитаси томонидан республика бўйлаб молиявий ва коммунал соҳадаги хизматлар бўйича истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Жумладан,
🔘Қашқадарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи фуқаро Х.М.нинг “My teacher” онлайн ўқув дастури фаолиятидан норози бўлиб мурожаат йўллади. Олиб борилган ишлар натижасида Х.М. ўқув дастуридан инглиз тили фани бўйича қўшимча дарсларга иштирок этиши учун 3 600 000 сўм тўлов қилган, аммо айрим сабабларга кўра ўқув машғулотларида иштирок эта олмаган. Марказ маъмуриятига қилинган мурожаатидан натижа бўлмаган.
Ўрганиш ишлари якунида фуқаро Х.М. га ўқув дастури учун тўлаган 3 600 000 сўм маблағ тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
🔘Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқармага Яккабоғ туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.М. Жиззах вилоятига сафари даврида юзага келган ноқулайликдан норози бўлиб мурожаат қилди.
Мурожаатда фуқаро Жиззах шаҳри Хайробод МФЙ ҳудудидаги банкоматдан нақд пул ечиб олиш жараёнида фуқаронинг банк пластик картасидан пул ечиб олинган, аммо нақд пул чиқариб берилмагани, мазкур пул маблағларининг қайтарилишида амалий ёрдам сўраган.
Ўрганиш натижасида АТ “Халқ банки” вилоят филиали томонидан банкоматда ечилган 1 млн 515 минг сўм пул маблағлари фуқаронинг банк пластик картасига қайтарилиши таъминланди.
🔘Қорақалпоғистон Республикаси
Рақобат қўмитасига Тахиатош туманида истиқомат қилувчи Д.Б.нинг йўллаган мурожаатида янгидан олган автомашинасига “А.Г.” МЧЖ томонидан техник кўрикдан ўтказиш учун ортиқча ҳақ тўлаганини билдирган ва мазкур маблағларни олишда амалий ёрдам сўраган.
Муаммо юзасидан олиб борилган ўрганиш натижасида “А.Г.” МЧЖ томонидан ҳисобланган 200 000 сўм пул фуқарога қайтарилиб берилиши таъминланди.
🔘Сирдарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Сирдарё туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.Н.нинг мурожаати келиб тушди.
Мурожаатда “Сирдарё сув таъминоти” АЖ Сирдарё туман бўлими томонидан фуқарога нисбатан ичимлик сувидан асоссиз равишда 2,5 млн сўмга яқин қарздорлик ҳисоблангани маълум қилиниб, ушбу қарздорликни қонун доирасида қайта кўриб чиқилишида амалий ёрдам берилиши сўралган.
Ўрганиш натижасида мазкур жамият томонидан истеъмолчига нисбатан ҳисобланган нореал қарздорлик хатлов йўли билан дастурдан олиб ташланиб, истеъмолчининг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.
🔘Фарғона вилояти
Ҳудудий бошқарма Олтиариқ тумани “Тегирмонбоши” МФЙ ҳудуддаги ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммо юзасидан тушган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар натижасида, “Фарғона сув таъминоти” АЖ томонидан ҳудуддаги электр шит қисмлари ажратилиб, филиал мутахассислари томонидан техник жиҳозларга янгиланиб, тармоқдаги насос тўлиқ ишчи ҳолатга келтирилди ва аҳолига ичимлик суви етказиб берилиши таъминланди.







