Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан project.gov.uz портали орқали Қўмитага келиб тушган 434 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари (ex-ante)ни рақобат муҳитига таъсири юзасидан хулосалар тайёрланди, шундан 182 таси (42 %) қонунчилик талабларига зид нормалар эканлиги аниқланган.
Маълумот учун: йил бошидан 228 та Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси Қўмитага келиб тушган бўлса, шулардан 97 тасида (43 %) амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, шу ўринда монополияга қарши қонунчилик ҳужжатлари талабларига зид нормалар мавжудлиги юзасидан тегишли хулосалар берилган.
Мисол учун: Жорий йил бошидан Қўмитага
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан киритилган 45 та лойиҳалардан 20 тасида рақобатга зид нормалар;
Энергетика вазирлиги томонидан киритилган жами 36 та лойиҳалардан 22 тасида рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик ҳужжатларига зид нормалар аниқланиб, Қўмитанинг тегишли хулосалари тақдим этилган.
Республика бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат бошқаруви органларининг қабул қилган жами 165 607 та (ex-post) норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлари рақобат тўғрисидаги қонунчилик нормаларига мувофиқлиги юзасидан хатловдан ўтказилди. Шундан, 595 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Жумладан:
Вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармаларида ўтказилган ўрганишлар таҳлил қилинганда Соғлиқни сақлаш бошқармалари 11 та, Ўрмон хўжалиги бошқармалари 6 та, Маданият ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармалари томонидан 2 та ҳолатда монополияга қарши қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишига йўл қўйилган.
Ҳудудлар кесимида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган юқори кўрсаткичлар Қорақалпоғистон Республикасида 112 та, Хоразм вилоятида 102 та, Жиззах вилоятида 83 та, Самарқанд вилоятида 53 та, Қашқадарё вилоятида 46 та ва Сирдарё вилоятида 37 та ҳолатни ташкил этади.
Мисол учун,
Қорақалпоғистон Республикаси мисолида,
- Нукус шаҳар ҳокимлигининг 2023 йил апрель ойидаги хати билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашидан Нукус шаҳридаги ирригация тармоқларини янгидан тортиш ва қуёш энергияси бўйича ускуналарни ўрнатиш ишларини олиб бориш учун Нукус шаҳар ободонлаштириш бошқармасини буюртмачи этиб, “Jayhun jol joybar” МЧЖни лойиҳачи этиб ва “Sokol City” МЧЖни қурилиш ишларини олиб бориш учун тўғридан-тўғри бириктириб беришда амалий ёрдам кўрсатиш сўралган.
- Тахиатош тумани ҳокимлигининг 2023 йил январь ойидаги хати билан тумандаги корхона ва ташкилотларга Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги 71 сон қарорида белгиланган тартибни нотўғри талқин қилиб хат киритилган (қурилиш юзасидан тасдиқланган ҳужжатлар туман (шаҳар) қурилиш шўъбаси томонидан тегишли ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгашлари ҳамда “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК, “ТашкентбошпланЛИТИ” ДУК ва “Қишлоққурилишлойиҳа” МЧЖ билан келишиш кераклиги баён этилиб, хатлар жўнатилган). Бироқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги 71-сон қарорида юқоридаги корхоналар билан келишиш бўйича нормалар белгиланмаган.
Хоразм вилояти мисолида,
- Гурлан туман ҳокимлигининг жорий йил 29 мартдаги 04/354-сонли чиқиш хатида “GURLAN GLOBAL TEKS” МЧЖга (пахта тўқимачилик кластери) туманда фаолият юритиб келаётган “Бозор томат пастаси” МЧЖнинг фаолияти тўғрисида фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ўртасида кенг тарғиб қилишда амалий ёрдам кўрсатилиши сўралган.
- Урганч шаҳар ҳокимлигининг 2022 йил 1 декабрдаги бир неча чиқиш хатларида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига Урганч шаҳри Мудофаа ишлари бўлими томонидан олиб борилаётган қурилиш таъмирлаш ишлари учун айнан битта тадбиркорлик субъекти, яъни “KHUDASHUKUR AVTO” МЧЖ (1314-сонли хат бўйича), “OMAD” хусусий корхонаси (1315-сонли хат бўйича), “XORAZM OSIYO” хусусий корхонаси (1316-сонли хат бўйича), “YASHNAR NUROBOD” хусусий корхонаси (1317-сонли хат бўйича), “FOREST” МЧЖ (1318-сонли хат бўйича) номзодлари берилган.
Юқоридаги аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан бошқа тадбиркорлик субъектларига нисбатан афзал ҳолатга қўядиган ҳаракатлари бўйича туман ва шаҳар ҳокимликларига Қўмита томонидан рақобатни чекловчи ҳаракатлар содир этмаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган қарор ва кўрсатмалар берилган.
Бугунги кунга қадар юқорида келтириб ўтилган каби ҳолатлар юзасидан 74 та ишлар юритувга олинган бўлиб, 68 та ишлар якуни юзасидан Қўмитанинг қарор ва кўрсатмалари юборилган ва 112 та рақобатга қарши ҳужжатлар бекор қилиниши таъминланган.