Рақобат қўмитаси томонидан жорий йилнинг 1-чораги давомида республика бўйлаб давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш ва иқтисодий концентрация соҳасида мониторинг ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан,
Фарғона вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида:
🔘 Данғара тумани Спорт мактаби қошида 3 та — “Vodiy gandbol” ДМ, “Данғара ФК” ДМ, “Мир волейбол спорт клуби” ДМ;
🔘Олтиариқ тумани Спорт мактаби қошида 1 та — “Дўстлик волейбол клуби” ДМ;
🔘Ўзбекистон тумани Спорт мактаби қошида 1 та — “Яйпан ФК-1” ДМ;
🔘Ёзёвон туман Маданият бўлими қошида 1 та — “Қатортол маданият маркази” ДМ, жами 6 та мустақил, давлат иштирокидаги юридик шахс ташкил этилишида Монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги олинмаганлиги аниқланди.
Навоий вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан ўтказилган ўрганиш ишлари давомида, “Навоий кон металлургия комбинати жамғармаси” ДМ монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги олинмаган ҳолда “PFK QIZILQUM” МЧЖнинг устав капиталидаги улушларини олганлиги ва жамиятнинг 100 фоизлик таъсисчисига айланганлиги аниқланди.
Юқоридагиларга кўра, Махсус комиссия томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 346 сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиш аломатлари билан “Навоий кон металлургия комбинати” жамғармасига нисбатан иш қўзғатилиб, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди ва бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Хоразм вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан вилоят ҳокимлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида “G‘ovuk” кўли туристик мажмуаси дирекциясини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ўрганиб чиқилганда, ушбу дирекцияга туристик мажмуа ҳудудидаги коммуникация тармоқларига хизмат кўрсатиш, ободонлаштириш, иситиш-совитиш тизимларини сақлаш, рекламаларни жойлаштириш, шаҳарсозлик ечимларини мувофиқлаштириш, ҳамда маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб этиш каби вазифалар юклатилгани маълум бўлди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, вилоят ҳокимлигига юридик шахс мақомига эга бўлган ушбу давлат муассасасини ташкил этишга ҳудудий бошқарма томонидан розилик берилди.
Юқорида кўрсатилган субъектларга нисбатан ўрнатилган тартибда иш қўзғатилиб, бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Маълумот ўрнида, “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни 24 моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 346-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан, хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги акциялар (улушлар), республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, давлат иштирокидаги корхоналар томонидан олинганда монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги олиниши лозим.