Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан савдо, иссиқлик ва электр энергия соҳасида тушаётган мурожаатлар ижобий ечим топмоқда.
Ўрганишлар ҳудудлар кесимида:
Самарқанд вилояти
Фуқаро М.Й Самарқанд — Истанбул авиақатнови учун “Мароқанд Авиа” туризм агентлиги орқали 1 миллион 552 минг сўмлик чипта сотиб олган. Бироқ маълум сабабларга кўра, сафар амалга оширилмаган ва фуқаро чипта маблағини қайтариб олишда муаммога дуч келган ва ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ишлар натижада, “Мароқанд Авиа” тур агентлиги орқали чипта учун тўланган пул маблағлари истеъмолчига тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
Наманган вилояти
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида яшовчи фуқаро А.Д томонидан Наманган вилояти Поп туманида фаолият юритаётган “FAYZ SOHOVAT” МЧЖга қарашли АЁҚШдан 350 минг сўмга АИ92 маркали бензин маҳсулотини сотиб олганлигини, бироқ АЁҚШ ходимлари томонидан фуқаро пластик картасидан 350 минг сўмдан 2 маротаба, яъни 700 минг сўм маблағ ечиб олинганлигидан норози бўлиб, маҳсулот учун ортиқча ечиб олинган 350 минг сўм маблағини қайтариб олинишида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳудудий бошқарма томонидан ўрганиб чиқилди.
Олиб борилган ўрганишлар натижасида, тадбиркор томонидан бензин маҳсулоти учун ортиқча ечиб олинган пул маблағни фуқаронинг пластик картасига тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
Бухоро вилояти
Бухоро вилоятида яшовчи фуқаро истиқомат қилаётган уйда “Иссиқлик Манбаи” ДУК билан шартномага асосан ойма-ой тўловлар тўлаб келинаётган бўлсада, корхона томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланаётганлигидан норози бўлиб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига асосан ҳудудий бошқарма томонидан мурожаатчига асоссиз ҳисобланган 1 379 436 сўм қарздорлик қайта ҳисоб-китоб, қилиниб қарздорлик чегирилиб берилиши таъминланди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитасига Элликқалъа туманида фаолият юритаётган “Бобожонова Азиза” ва “Мадраимова Сайёра” ЯТТларга “Энергосавдо” Элликқалъа тумани бўлинмаси томонидан етказиб берилган электр энергияси учун тўловлар юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Мурожаатларни ўрганиш давомида, ЯТТларнинг нореал қарздорлиги бартараф этилиб, электр таъминоти тизимига қайтадан уланиши таъминланди.